Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27

БАЙРАМ ТАБРИГИ

01 октябрь 2022 йил
221
0

 1 октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни муносабати билан Пахтакор тумани ҳокими А.Р.Ашуровнинг байрам табриги


Ассалому алайкум, муҳтарам устозлар ва мураббийлар!

Қадрли меҳмонлар!

           

Бугун сиз азизлар билан 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни - умумхалқ байрами арафасида учрашиб турганимдан бахтиёрман.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни ва туманимиз фидойи устоз ва мураббийларини ушбу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этаман.

Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, деган сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади. Шунинг учун ҳам сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.

Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди, - деган сўзлари фикримизнинг яққол тасдиғидир.

 

Азиз устозлар ва мураббийлар!

Бугунги кунда туманимизда 19 та умумтаълим мактаби, 93 та мактабгача таълим ташкилотлари, 3 та профессионал таълим муассасаси, 1 та Болалар мусиқа ва санъат мактаби, 1 та Баркамол авлод болалар мактаби, 1 та Ахборот кутубхона маркази ва 1 та спорт мактабида, минглаб фидойи педагог ва мураббийлар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Қувонарлиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сон Фармонига асосан Пахтакор тумани ихтисослаштирилган мактаби ташкил этилиб 264 нафар энг иқтидорли ўқувчилар саралаш босқичларидан ўтиб, мактабда таълим-тарбия олиб келишмоқда.

Тумандаги 19 та умумтаълим мактабларида 12491 нафар ўқувчиларга 929 нафар ўқитувчи ва мураббийлар таълим-тарбия бериб келишмоқда.

Жорий ўқув йилида 1497 нафар ўқувчилар 1-синфга қабул қилинди ва уларга 12 турдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкаси ва дарсликлар мажмуасидан иборат Президент совғалари топширилди.

Шунингдек, 765 нафар битирувчиларидан 35 нафари олтин, 3 нафари эса кумуш медални қўлга киритиб, 18 нафар битирувчиларимиз инглиз тилини билиш даражасини белгилайдиган Халқаро даражадаги (IELTS) сертификатини олишга муваффақ бўлди.

Натижада, бу йилги битирувчиларнинг 295 нафари олий ўқув юртларининг талабалари бўлишди, уларнинг 43 нафарининг давлат гранти асосида ўқишга киришларида сизларнинг беқиёс хизматларингиз самарасидир.

Туманда ҳозирги кунда 16 та давлат, 3 давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари, 76 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда.

Уларга 3-6 ёшдаги 6401 нафар болаларнинг 5420 нафари қамраб олинган, ёки аниқроқ қилиб айтганда, туманимизда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиниши 84,6 фоизни ташкил этмоқда.

Туманда фаолият юритаётган профессионал таълим муассасалари бўйича, Пахтакор касб-ҳунар мактабининг 180 нафар битирувчиларнинг 47 нафари олий таълим даргоҳларига ўқишга қабул қилинган бўлса, Пахтакор саноат технологиялари техникумининг 208 нафар битирувчиларнинг 65 нафари суҳбат асосида Жиззах политехника институтига 2-курсдан бошлаб ўқишга қабул қилинди.

Пахтакор Педагогика коллежининг 199 нафар битирувчиларининг 100 фоизи бугунги кунда ўз хизмат фаолиятини бошлаб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилишмоқда.

Бугунги ажойиб кунда, туман спортчилари қўлга киритаётган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Жорий йилда Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 29 нафар, Халқаро турнирларда 21 нафар туманимиз спортчилари ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин олишди.

Жумладан, Тоғаймуродов Жавохир Ўктам ўғли - 2022 йил 20-30 январь кунлари Тошкент шаҳрида спортнинг бокс туридан ўтказилган Осиё чемпионатида фахрли 3-ўринни,

Маматова Райхона Бахтиёр қизи - 2022 йил 5-6 апрел кунлари Тошкент шаҳрида спортнинг дзюдо туридан ўтказилган Осиё кубогида фахрли 3-ўринни,

Муродова Севинч Ғулом қизи - 2022 йил 13-15 май кунлари Қозоғистон Республикаси Олмаота шаҳрида спортнинг дзюдо туридан ўтказилган Осиё кубогида фахрли 2-ўринни ва 2022 йил 18-21 июль кунлари Бангкок давлати Тайланд шаҳрида спортнинг дзюдо туридан ўтказилган Осиё чемпионатида фахрли 2-ўринни,

Мусаева Фотима Рахим қизи - 2022 йил 27 июль - 08 август кунлари Россия давлатининг Владивосток шаҳрида спортнинг самбо туридан ўтказилган “Осиё болалари” VII Халқаро спорт ўйинларида фахрли 2-ўринни,

Исакова Севинч Бурхон қизи - 2022 йил 9-18 август кунлари Туркия давлати Конья шаҳрида спортнинг дзюдо туридан ўтказилган V-Ислом бирдамлик ўйинларида фахрли 3-ўринни эгалладилар.

Албатта, фарзандларимизнинг бундай ютуқларга эришишларида сиз каби фидойи мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг меҳнатларингизни юксак қадрлаймиз.

Ҳурматли устозлар ва мураббийлар!

Ёшларни она Ватанимизга садоқат, эл-юртимиз манфаати йўлида фидойи, комил инсон сифатида тарбиялашда тажрибали устоз ва мураббийларнинг хизмати беқиёс. Шу боис устозларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга етарли шароит яратиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Мамлакатимизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ўқув-тарбия жараёнига миллий ва илғор хорижий тажрибаларни юксалтириш, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидаги катта хизматлари, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни она Ватанга меҳр ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ибратли фаолияти учун, “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинди.

Ушбу Фармонга асосан туманимиздаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Журавлева Ольга Анатольевна – “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Туман фаоллари ва ўз номимдан, устоз Журавлева Ольга Анатольевнани ушбу орден билан самимий табриклайман.

 

Ҳурматли устозлар ва мураббийлар!

Сизларни 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан яна бир бор табриклаб, Олий-жаноб ва масъулиятли фаолиятингизда куч-ғайрат, ютуқ ва омадлар тилаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файз барака тилайман.

Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устоз ва мураббийлар!

ПАХТАКОР ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар