Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Жиззахлик тадбиркорлар имкониятдан унумли фойдаланган

Жиззахлик тадбиркорлар имкониятдан унумли фойдаланган

25 февраль 2022 йил
269
0

Жиззахда давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар ва 2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ва пресс-тур ташкил этилди.

Анжуманда Президентимизнинг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарнинг активларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида қилинган ишлар ҳақида сўз борди.

Маълум қилинишича, хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активларини савдога чиқариш, сотишни таъминлаш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан амалга оширилган ташкилий ишлар самарасида ўтган йилда 33та давлат активлари 77 миллиард 600 миллион сўм қийматида сотилиши таъминланган. Шунингдек, 40 та давлат мулки объектларига инвесторлар томонидан 246 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилиб, 1 минг 359 та янги иш ўрни яратилган. Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 20 январь куни ўтказилган “Давлат объектларини хусусийлаштириш борасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар” юзасидан видеоселекторда белгилаб берилган топшириқлардан келиб чиққан ҳолда ҳудудий бошқарма ўз иш фаолиятини белгилаб олган.

Вилоятда жорий йил 159 та давлат активларини савдога чиқариш ва улардан йил охирига қадар 172 миллиард 400 миллион сўмлик тушум тушириш белгиланган. Ушбу топшириқларни амалга ошириш мақсадида ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ташкилий ишлар натижасида жорий йил ўтган даврида 4 та давлат активлари 10 миллиард 300 миллион сўмлик қийматда “e-auksion” электрон савдолари орқали сотилди. Бугунги кунда 30 та давлат активлари 60 миллиард 600 миллион сўм қийматда сотиб олиш шарти билан аукцион савдоларида турибди. Шу билан бирга, айни чоғда 30 миллиард 900 миллион сўм ҳамда 23 миллион 500 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан сотилган 58 та давлат мулки объектлари бўйича мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Ушбу объектлар тўлиқ ишга туширилиши натижасида 707 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ўтган 2021 йилда ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган хатловлар натижасида 159 та давлат активлари фойдаланилмасдан бўш тургани аниқланиб, мазкур давлат активлари хусусийлаштириш дастури лойиҳасига киритилди.

Бугунги кунда Жиззах вилояти ҳудудларида жами 1 минг 160 та бўш турган объект мавжуд бўлиб, шундан 62 таси давлат, 84 таси давлат улуши бор корхоналарга тегишли, 1 минг 8 таси хусусий мулкдорларга ва 5 таси эгаси аниқланмаган объектдир. Бўш турган хусусий объект мулкдорлари билан биргаликда 489 та бўш турган объектда истиқболли инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, улар негизида 974 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Анжуманда давлат мулкларини ижарага бериш бўйича 2021 йилда 354 та давлат тасарруфидаги объектда тадбиркорлик субъектлари билан 664 та ижара шартномаси расмийлаштирилгани ҳамда улар негизида 4 минг 460 миллион сўм пул маблағлари ундирилганлиги айтилди.

Пресс-тур Жиззах шаҳридаги “Jizzax plastmassa” акциядорлик жамиятидан бошланди. Жиззах эркин иқтисодий зонасида жойлашган ушбу корхона мамлакатимиздаги полиэтилен қувур ва плёнкалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик акциядорлик жамиятларидан бири ҳисобланиб, у 1970 йилнинг бошида “Пастмасса заводи” номи билан ташкил этилган эди.

– Корхонанинг қуввати йилига 14 минг 900 тоннани ташкил этиб, асосий ишлаб чиқариш маҳсулотлари – ташқи диаметри 20 миллиметрдан 1200 миллиметргача бўлган полиэтилен қувурлар ва бутловчи қисмлар, ўлчамлари 220 миллиметрдан 3000 миллиметргача бўлган полиэтилен плёнкалар ва ҳар хил турдаги халқ истеъмоли (хўжалик) молларидир, – дейди “Жиззах пластмасса” АЖ бош иқтисодчиси Достон Орзиқулов. – Бундан ташқари, жамиятда қишлоқ хўжалигида сув таъминотини тежайдиган полиэтилен қўчма эгилувчан қувурлар ва эгатга тўшаб суғоришга мўлжалланган плёнкалар ишлаб чиқарилиши ҳам йўлга қўйилган. Бунинг натижасида 30 фоиз миқдоридаги сувни тежаш мумкин. Мамлакатимизда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар сафини янада кенгайтириш мақсадида, “Жиззах пластмасса” АЖ мутахассислари томонидан иссиқхоналарни қоплаш учун мўлжалланган импорт ўрнини босувчи 3 турдаги плёнкалар ишлаб чиқарилмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида” ги фармонига асосан “Жиззах пластмасса” АЖнинг устав фондидаги 85,84 фоиз улуш Давлат активларини бошқариш агентлиги муассислигидаги “UzAssets Investitsiya Kompaniyasi” акциядорлик жамияти устав фондига ўтказилган.

Пресс-тур иштирокчилари “JIZZAX KENTEKS” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини ҳам ўрганди. Ушбу МЧЖ томонидан хусусийлаштирилган собиқ “Пахтакор тола базаси” шуба корхонаси бино-иншоотларида жойлашган бўлиб, корхонанинг умумий майдони 12,7 гектарни, қурилиш ости майдони 24 минг 173 квадрат метрни ташкил этади.

– Шартномага асосан объект учун 12 миллиард сўм миқдорида тўловни амалга оширганмиз, – дейди “JIZZAX KENTEKS” МЧЖ ишлаб чиқариш бўйича масъул Ўктам Ёдгоров. – 214 миллиард 100 миллион сўмлик инвестиция киритиш ҳисобига 880 та янги иш ўрни яратдик. Ходимларимизнинг асосий қисми “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатида турган хотин-қизлардир. Ҳудудий бошқарманинг 2021 йил 4 ноябрдаги буйруғига асосан “JIZZAX KENTEKS” МЧЖ номига тасарруф этиш ҳуқуқи билан мулкий хуқуқни тасдиқловчи давлат ордери олганмиз.

– 8 йилдан буён Ўзбекистонда яшайман, фабрикада ишлатилаётган ускуналарни назорат қиламан, – дейди муҳандис, покистонлик Майда Мелик. – Пахта хомашёсини Зафаробод туманидаги пахтачилик кластеримиздан олиб келамиз. Фабрикада бир кунда 30 тоннагача ип-калава маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Бугунги кунда маҳсулотлар маҳаллий бозорга ва экспортга йўналтирилмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари Ғаллаорол туманидаги “FIRDAVS MED CENTER” масъулияти чекланган жамиятига борди. МЧЖ томонидан хусусийлаштирилган “Ғаллаорол илмий ишлаб чиқариш агрофирмаси маъмурий биноси” нинг умумий майдони 0,09 гектарни, қурилиш ости майдони эса 402 квадрат метрни ташкил этади. “Жиззах нефт базаси” МЧЖга қарашли “Ғаллаорол илмий ишлаб чиқариш агрофирмаси маъмурий биноси” бўйича ўтказилган онлайн электрон аукцион савдосида “FIRDAVS MED CENTER” МЧЖ ғолиб чиққан ва томонлар ўртасида олди-сотди шартномаси имзоланган. Инвестициялаш объекти негизида тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирги кунда бинода янги, замонавий кўринишдаги клиника ташкил этилган. Унда терапия, гинекология, неврология, физотерапия, умуртқа грижаларини даволаш каби йўналишлар мавжуд. Сўнги манзил Ғаллаорол туманида жойлашган “Sangzor-Tekstil” масъулияти чекланган жамияти бўлди. “Маъмурий ва омборхона бинолари” “Sangzor-Tekstil” МЧЖ томонидан хусусийлаштирилган.

– Ҳар бир ходимга махсус кийим-бош, берилган, – дейди шу корхона ишчиси Абдимурод Раҳбарров. – Уйдан ишга келиб кетишимиз учун транспорт ажратилган. Ҳордиқ чиқаришимиз, спорт билан шуғулланишимиз ва китоб ўқишимиз учун шароит яратилган. Бир маҳал иссиқ овқат, сут ва қатиқ бепул берилади.

Фабрикада толадан ип-калава йигирилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 7 минг 500 тоннани ташкил этади. Ҳозирги кунда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Покистон, Польша, Россия, Туркия ва Хитой давлатларига экспорт қилинмоқда. Ҳар бир объектга уюштирилган сафар давомида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоблар олди.

А.Қаюмов

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар