Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » “Маъмурий жазонинг турлари” мавзуси юзасидан

“Маъмурий жазонинг турлари” мавзуси юзасидан

28 март 2022 йил
373
0

 Маъмурий жазо жавобгарликка тортиш чораси бўлиб, у маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қуйидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

1) жарима;

2) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш;

3) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш;

4) муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум этиш;

5) маъмурий қамоққа олиш.

6) чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш.

Битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ё асосий ёки ҳам асосий, ҳам қўшимча жазо чораси қўлланилиши мумкин.

Жарима маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор шахсдан давлат ҳисобига пул ундиришдир. Жариманинг миқдори маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдаги, давом этаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун эса бу ҳуқуқбузарлик аниқланган вақтдаги белгилаб қўйилган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Фуқароларга солинадиган жариманинг энг кам миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг элликдан бир қисмидан, мансабдор шахсларга эса — ўндан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак.

Фуқаро ва хизматчиларга солинадиган жариманинг энг кўп миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ошмаслиги керак. Баъзи ҳуқуқбузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан белгиланадиган жариманинг энг кўп миқдори ушбу Кодекснинг
6-моддасига биноан фуқароларга — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ошмаслиги керак.

Маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш шу ашёни мажбурий тарзда тортиб олиб, уни кейинчалик сотиб юбориш ҳамда сотишдан тушган пулни ашёнинг собиқ эгасига тортиб олинган ашёни сотиш харажатларини чегириб ташлаган ҳолда топширишдан иборатдир.

Ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

Ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш чорасини қўлланиш тартиби ва тортиб олинадиган ашёларнинг турлари ушбу Кодекс ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиш мазкур ашёни ҳақ тўламасдан мажбурий тарзда давлат мулкига ўтказишдан иборат бўлиб, ушбу чора жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади. Ҳуқуқбузарнинг шахсий мулки бўлмаган ашё мусодара қилиниши мумкин эмас, муомаладан чиқарилган ашёлар бундан мустасно. Ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни, бошқа ов қуролларини мусодара қилиш асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

Муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум қилиш чораси жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан уч йилгача муддатга қўлланилади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати ўн беш кундан кам бўлмаслиги керак.

Ногиронлиги сабабли транспорт воситаларидан фойдаланадиган шахсларга нисбатан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси қўлланилиши мумкин эмас, ушбу Кодекс
1283-моддасининг бешинчи қисмида, 1284-моддасининг учинчи қисмида, 131-моддасининг биринчи қисмида, 136-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган ҳоллар бундан мустасно.

Маъмурий қамоққа олиш уч суткадан ўн беш суткагача муддатга, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун — ўттиз суткагача муддатга қўлланилади. Маъмурий қамоққа олиш жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, шунингдек ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғи томонидан белгиланади.

Маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

 

Ш.Содиқов  

Жиноят ишлари бўйича

Пахтакор туман судининг раиси          

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар