Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ. СОЛИҚ АУДИТИ

СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ. СОЛИҚ АУДИТИ

29 апрель 2022 йил
286
0

 “Дунёда ҳеч нарса солиқ ва ўлим каби муқаррар эмас”

 Бенжамин Франклин

 

Солиқ аудити – солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг ҳисобланиши ҳамда тўланашининг тўғрилигини текшириш мақсадида, унинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослашдир.

Солиқ аудити Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 январдаги 1-сон қарори билан тасдиқланган “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва уларни солиқ хавфи даражаси бўйича тоифалаш тартиби тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 18 майдаги 2020-17-сон қарори билан тасдиқланган “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида”ги Низомлар асосида ўтказилади.

Ихтиёрий равишда тугатилаётган тадбиркорлик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорларда солиқ аудити Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 140-моддаси, “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига кўра,

Солиқ аудити қуйидаги солиқ тўловчиларда ўтказилади:

- солиқ органида хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган ахборот тизими (“Таҳлика-таҳлил” дастурий маҳсулоти) орқали аниқланган, юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда;

- камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органининг талабномасига жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган (шу жумладан, аниқлаштирилган талабномадан кейин), аниқланган тафовутлар бўйича асос келтирмаган ёки тақдим қилинган асосномалар етарли эмас деб топилган юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда;

- ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчиларда;

- жиноий иш қўзғатилган солиқ тўловчиларда;

- аввал ўтказилган солиқ аудити чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган солиқ тўловчиларда.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 140-моддаси, “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида”ги Низомнинг 13-бандига кўра, солиқ аудити билан фақат солиқ қонунчилигида назарда тутилган
беш йиллик даъво муддати ўтиб кетмаган охирги солиқ аудитидан кейинги давр қамраб олинади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 143-моддасига кўра, солиқ органлари солиқ тўловчининг айнан битти давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас, бундан солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органларига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно. Янги ҳолатлар аниқланган тақдирда солиқ органи такрорий солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 140-моддаси, “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида”ги Низомнинг 11-бандига кўра, солиқ тўловчи солиқ аудити ўтказиш ҳақида камида ўттиз календар кун олдин унинг электрон шахсий кабинетига электрон шаклда ёки унинг юридик манзилига почта алоқа хизмати орқали буюртма хат юбориш шаклида хабардор қилинади.

Хабарномада солиқ аудитининг бошланиш санаси, текширилиши лозим бўлган масалаларнинг рўйхати, зарур ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати, шунингдек солиқ аудитини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади.

Солиқ тўловчи солиқ аудити бошлангунга қадар хабарномада кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни тайёрлаб қўйиши лозим.

Электрон шаклда юборилган ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан ўқиб чиқилганидан кейин, лекин ушбу ҳужжат жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади.

Агар солиқ тўловчига хабарнома буюртма хат билан почта орқали юборилган бўлса, улар жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади.

Хабарнома солиқ тўловчига ёки унинг вакилига шахсан мазкур ҳужжатлар олинган сана кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб топширилиши мумкин.

Агар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор қилмасдан солиқ аудитини бошлайди.

Солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари Солиқ кодексининг
223-моддасига (солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш)) асосан аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 141, 142-моддаларига мувофиқ, солиқ аудитини ўтказиш муддати ўттиз иш кунини ташкил қилади ҳамда ушбу муддат икки ойгача, алоҳида ҳолларда уч ойгача узайтирилиши мумкин.

Шунингдек, солиқ аудитини ўтказиш муддатини узайтириш асослари ва тартибини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 142-моддаси ва “Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида”ги Низомнинг 16-бандига кўра, солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) солиқ аудити ўтказилишини қуйидагилар учун ҳам узайтиришга ҳақли:

талаб қилинган ҳужжатлар (ахборотлар) беш иш куни ичида тақдим қилинмаганда (узайтириш ҳужжатлар талаб қилинаётган ҳар бир шахс бўйича кўпи билан бир марта йўл қўйилади);

чет эл давлат органларидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида ахборот олиш;

экспертизалар ўтказиш;

чет тилида тақдим этилган ҳужжатларни таржима қилиш (ҳужжатлар давлат тилига таржима қилинган асл нусхалари шаклида ёки нотариал тарзда тасдиқланган шаклда бўлиши мумкин);

солиқ аудити жараёнида ўрганилиши лозим бўлган ҳужжатлар ҳажмининг кўплиги сабабли солиқ аудитини ўтказиш учун буйруқда кўрсатилган муддатнинг етарли эмаслиги;

яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларнинг ҳамда солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ электрон ахборот жисмларни қайта тикланишида;

мутахассис фикри олинишида;

эксперт жалб қилинганда.

Солиқ аудитини ўтказишнинг умумий муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас.

Cолиқ аудитининг муддатини узайтириш солиқ аудитини ўтказувчи шахснинг асослантирилган илтимосномасига асосан юқори турувчи солиқ органининг рухсати билан амалга оширилади.

Солиқ аудити ўтказилаётган даврда текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботига солиқ тўловчи томонидан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

 

 

Жиззах туманлараро

маъмурий суди раиси

А.Уринов

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар