Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Жорий йилда uzbekcoders платформаси орқали “Coursera” онлайн курсларида ёшлар учун таълим олиш имконияти яратилади

Жорий йилда uzbekcoders платформаси орқали “Coursera” онлайн курсларида ёшлар учун таълим олиш имконияти яратилади

25 февраль 2023 йил
137
0

АОКАда Рақамли технологиялар вазирлиги мутасаддилари ва IT-park раҳбарлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида IT мутахассис кадрларни тайёрлаш, IT-park томонидан амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берилди.

Ахборот-коммуникация хизматлари (алоқа ва ахборотлаштириш ҳамда компьютер хизматлари) ҳажми 2021 йилга келиб 17.8 трлн сўмга етди. 2022 йилда эса бу миқдор кескин ошиб, 22.9 трлн сўмга етди. Рақамли иқтисодиёт соҳасининг ЯИМдаги улуши 2019 йилда 1.80 фоиз, 2020 йилда 1.99, 2021 йилда 2.60, 2022 йилда 2.77 фоизни ташкил қилди.

Аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми 2016 йилда 199 минг сўмни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда 404.7 минг сўмни, 2021 йилда 508.5 минг сўмни, 2022 йилда эса 642.9 минг сўмни ташкил этди.

2022 йилда жами 396.1 млн АҚШ доллари миқдорида инвестициялар қилинган.

Ўзбекистонда рақамли таълим экотизимини йўлга қўйиш, аҳоли ва ёшларни ушбу соҳага жалб қилиш ҳамда уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда тизимдаги IT олий таълим муассасалари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) ва унинг 6 та филиали, Тошкент шаҳридаги Инха ва Амити университетлари томонидан 35 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича 29 минг нафардан ортиқ олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда.

2022 йилда рақамли таълимни ривожлантириш борасида АКТ соҳасида олий маълумотли кадрларни тўлиқ масофавий тарзда халқаро стандартлар асосида тайёрлайдиган “EPAM Systems” халқаро IT-компания билан ҳамкорликда “IT-Park University” рақамли университети фаолияти йўлга қўйилди.

Аҳолини рақамли кўникмаларини ошириш мақсадида республика бўйича 205 та рақамли технологиялар ўқув марказларида 400 га яқин янги иш ўринлари яратилган бўлиб, уларда 128 минг нафардан ортиқ тингловчилар, шу жумладан, жами 33 минг нафари давлат ходимлари малакасини оширди.

IT соҳасида хусусий сектор вакилларига яратилган шароит ва имкониятлар натижасида IT-Парк резиденти бўлган хусусий таълим марказлари сони 2022 йилда 191 нафарга етди (2021 йилга нисбатан 67 тага, 2020 йилга нисбатан 180 тага кўпайган).

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро IT-сертификатларга эга ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 9 майдаги 310-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда ёшларни IT соҳасида салоҳиятини ошириш, шунингдек, IT билимларга қизиқтириш мақсадида халқаро IT-сертификатларини олиш учун 50 фоизгача харажатларини қоплаш тизими жорий этилди.

Ўз билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 2022 йилда жами 800 тадан зиёд ёшлар халқаро IT-сертификатни олиш учун аризалар топширган бўлса, ҳисобот даврида 500 нафар ёшларнинг мазкур сертификатлар бўйича 50 фоизгача бўлган харажатлари қоплаб берилди.

2019-2022 йилларда «Бир миллион ўзбек дастурчи» лойиҳаси доирасида таълим олганлар сони 2,5 млн нафардан ошган. Шу жумладан, 1,7 млн нафардан ортиғи лойиҳа доирасида рақамлаштириш бўйича бошланғич билимга эга бўлиб, сертификатларни қўлга киритган.

IT соҳадаги ўқув курсларда таҳсил олаётган ёки ушбу ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган 15 минг нафардан ортиқ ёшларга компьютер харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилди.

2023 йилда қуйидаги ишларни амалга ошириш режалаштирилган:

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида масофавий таълим сифатини ошириш, «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини мантиқий кейинги босқичини амалга ошириш мақсадида uzbekcoders платформаси орқали “Coursera” онлайн курсларида ёшлар учун таълим олиш имконияти яратилади;

«Бир миллион дастурчи» доирасида ва IT-Паркнинг таълим резидентларида IT сертификатни қўлга киритган ёшларга компьютер хариди учун 7,5 млн сўм миқдоридаги имтиёзли кредит уларнинг шахсий пластик картасига ўтказиб бериши тартиби йўлга қўйилади;

ўз битирувчиларини IT хизматларни экспорт қилувчи компанияларга ишга жойлаштирса, ўқув марказларига ҳар бир мутахассис учун 25 млн сўмгача, ногиронлиги бўлган ёшларга эса 35 млн сўмгача субсидия бериш механизми ишлаб чиқилади;

IT Парк резидентлари сони 2017 йилда 147 та бўлган бўлса, 2021 йилда 523 тага етди. Бу кўрсаткич 2022 йилда икки бараварга ортиб, 1122 тага ошди. Хорижий капитал иштирокидаги компаниялар сони 2017 йилда 4 тагина бўлган бўлса, 2021 йилда 23 та бўлган, 2022 йилда етти бараварга ортиб, 165 тага етди.

АКТ соҳасида 2021 йилда 90.3 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган бўлиб, бу кўрсаткич 2022 йилда 116.9 минг нафарга етказилди. АКТ соҳасидаги корхоналар томонидан 2017 йилда 135.5 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт қилинган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 206.4 млн АҚШ долларига етди, 2022 йилда эса 323 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт қилинди. 2023 йилда ушбу кўрсаткични 375.1 млн АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.

2021-2022 йилларда IT Парк резидентлари томонидан кўрсатилган хизматлар ва экспортлар ҳажми кескин ошди.

2021 йилда IT Парк резидентлари томонидан жами 46 млн АҚШ доллари миқдорида хизматлар экспорт амалга оширилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 140 млн АҚШ долларини ташкил қилди.

2021-2022 йилларда IT Парк резидентлари томонидан иш билан таъминланганлар ва ўзини ўзи банд қилганлар сони ҳам кўпайган.

2023 йилнинг 1 январь ҳолатига республика миқёсида жами 28 562 нафар аҳоли иш билан таъминланган бўлиб, шундан 18 712 нафар ўзини ўзи банд қилганлар ҳисобланади. Бу борада Тошкент шаҳри (15 597) биринчи ўринда турган бўлса, Навоий (785) ва Жиззах (538) кейинги ўринларни банд қилган.

2023 йил 15 фервал билан Вазирлар Маҳкамасининг 66-сон қарори билан Президент соврини (President Tech Award) «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» танлови ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, танлов 2023 йил майдан ҳар йили қуйидаги 5 та йўналиш жумладан, сунъий интеллект технологиялари, ижтимоий йўналишда рақамли технологиялар, ахборот ва киберхавфсизлик технологиялари,тадбиркорлик ва молиявий технологиялар, компьютер ва мобил ўйин дастурлари, ҳамда 1 та махсус йўналиш бўйича ўтказилади.

Танловнинг асосий йўналишларида 30 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқаролари бир жамоа таркибида (3–8 киши) қатнашади.

Махсус йўналишда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резиденти бўлган ташкилотларда ишлаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам (3–5 киши) иштирок этиши мумкин.

Танлов ғолиблари қуйидаги тартибда аниқланади:

асосий йўналишлар бўйича – жамоатчилик томонидан махсус порталда овоз бериш орқали;

махсус йўналиш бўйича – ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар томонидан.

Танлов ғолиблари қуйидагича тақдирланади:

5 та асосий йўналиш бўйича:

1-ўрин учун – 100 минг АҚШ доллари;

2-ўрин учун – 50 минг АҚШ доллари;

3-ўрин учун – 30 минг АҚШ доллари;

Махсус йўналиш бўйича (битта) – 100 минг АҚШ доллари.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар