Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ

01 март 2023 йил
145
0

 Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Бундан ташқари, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.

Бу борада Конституциянинг иккинчи бўлими “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланади. 7 бобдан иборат ушбу бўлимда фуқаролик, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари ҳамда фуқароларнинг бурчлари белгилаб берилган.

Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда бурчлари алоҳида бўлимда мустаҳкамланиши халқаро экспертлар томонидан ҳам юқори баҳолаб келинмоқда. Жумладан, мутахассислар таҳлилига кўра, дунё конституцияларида жами 117 турдаги инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз боради. Франция Конституцияси 13, АҚШ Конституцияси 35, Буюк Британия конституциявий аҳамиятдаги ҳужжати 44, Германия ва Япониянинг асосий қонунида 48 турдаги ҳуқуқ тилга олинган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эса 55 турдаги ҳуқуқ акс этган. 

Халқаро ҳамжамият томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласига доимо устувор аҳамият қаратилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан инсон ҳуқуқларига оид 70 га яқин, Европа Кенгаши Бош ассамблеяси томонидан 160 дан зиёд, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан 30 дан ортиқ, ЮНЕСКО томонидан эса 70 дан зиёд халқаро конвенция, декларация, пакт қабул қилинган.

Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича 400 га яқин халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид халқаро ҳамжамият томонидан ишлаб чиқилган, умумэътироф этилган тамойил ва асосий қоидалар қонунимизда мужассамлашганини алоҳида таъкидлаш керак.

Конституциямизда акс этган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини улуғловчи инсонпарвар ғоялар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимизнинг фаровон ҳаёти ва муносиб турмуш тарзини таъминлаш борасидаги эзгу сайъ-ҳаракатларда намоён бўлмоқда, десак тўғри бўлади.

 

Янги Ўзбекистон сиёсати жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олишга қаратилган. Хусусан, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар яшаш шароитини яхшилаш, адашиб жиноят йўлига кирган шахсларни авф этиб, уларга ҳаётини тиклаш имконини бериш,  озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаб бериш тартиби жорий қилинган.

Шу билан бирга, ўн мингга яқин ҳамюртимизга Ўзбекистон Республикаси фуқароси мақоми берилиши, ўзга юртлардаги, хусусан, уруш ва зиддиятлар ўчоғи бўлган Яқин Шарқ ҳамда Афғонистондан аёллар ва болаларнинг Ватанга қайтарилиши билан боғлиқ ижобий амалиёт ҳам дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Умуман олганда, конституция сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатидир.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Пахтакор туман суди раиси               Т.Хакимов

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар