Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Ассалому алайкум Азиз ва муҳтарама аёллар, онахонлар ва опа-сингилларимиз!

Ассалому алайкум Азиз ва муҳтарама аёллар, онахонлар ва опа-сингилларимиз!

07 март 2023 йил
215
0

 Ҳурматли бугунги тадбир иштирокчилари!

Барчангизни баҳорнинг илк байрами, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбдан муборакбод этаман. Барчангизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, хонадонингизга тинчлик-осойишталик, дастурхонингизга қут-барак, ўзингизга эса оддий АЁЛЛИК БАХТИни тилаб қоламан! Илоҳим хар бир кунингиз байрам, хар бир онингиз баҳор бўлсин! Доимо баҳор гулларидай чиройли, нафис, гўзал ва бетакрор бўлишингиз тилакдошиман!

Миллат онага қараб қад ростлайди. Хонадонимизда бир кунгина аёлимиз, қизимиз ёки келинимиз бўлмаса, уйимиз гўё файзсиз бўлиб қолгандай туюлади. Шунинг учун аёлларни минг бир сифат билан таърифлаймиз. Уларни ойга, қуёшга, гулга ўхшатамиз. Ҳаё маликаси, муҳаббат меҳвари деймиз. Аммо аёл аввало она сифатида юксак қадр-қимматга, ҳурмат ва эъзозга лойиқ. Бинобарин, она ўз зурриёдига қалб қўрини берувчи инсон, унинг илк устозидир. Ўз фарзандига панду насиҳат қила оладиган, ҳаётнинг зарур кўникмаларидан сабоқ бериб, дунёни энди англаётган гўдакни тўғри йўлга бошқарадиган она, шубҳасиз инсоният давомчиси ва йўлчи юлдузидир.

Ҳурматли Юрбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг
 “Хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади”  деган сўзлари жамиятимизда аёлларга бўлган маданиятли муносабат, уларни қадрлаш, қўллаб-қувватлаш бўйича зиммамизга юклатилган юксак вазифа деб ҳисоблайман.

Ҳурматли опа сингиллар!

Халқаро хотин-қизлар байрамини нишонлар эканмиз ҳар йили ажойиб юртдошимиз, атоқли жамоат арбоби, хассос шоира Зулфияхонимни ёдга оламан. Нега Зулфияхонимни шу кунгача қизларимиз, аёлларимизга ибрат қилиб кўрсатиб келамиз? Чунки у нафақат ўтли шеърлари билан, балки бутун ҳаёти билан ўзбек аёлининг маънавий қиёфасини намоён этган, миллионлаб шеърият мухлисларига одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берган улкан қалб соҳибаси бўлган. Умр йўлдоши билан тўққиз йилгина бирга яшаб, умрининг 49 йили давомида унга содиқ қолган, тақдир бошига қанча синовлар ёғдирса-да, уларни матонат билан енгиб, дунёдан эзгулик ва гўзаллик излаб яшаган. Унинг кучи, ғайрати, қудрати ҳам вафосида, маънавий жасоратида эди.

Азалдан момоларимиз орзу қилган давр келди десам хато қилмаган бўламан. Чунки хотин-қизларимиз жамиятимизнинг ҳақиқий аъзоларига айланди, сайлаш ва сайланиш, илм олиш, касб эгаллаш, меҳнат қилиш ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланмоқда.  

Туманимиз миқёсида 6 нафар аёл депутатлар фаолият кўрсатаётганини мамнуният билан таъкидлашни истардим.

Туманимиздаги 15 та маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинди. Шу тариқа опа-сингилларимизнинг муаммолари, дард-у ташвишлари билан доимий шуғулланадиган адолатли ва самарали тизим яратилди.

Ҳам оила ҳам лавозим юкини бирдек кўтараётган аёллар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Айни пайтда туманимизда ташкилотлар таркибида 28 нафар раҳбар лавозимида меҳнат қилмоқда.

Оилада фарзанд тарбияси, рўзғор тебратиш, кундалик вазифалардан вақт топиб, аёлларимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам меҳнат қилишга имкон топаяпти. Ушбу соҳада нафақат ишлаш, балки ташкилот ёки корхоналарни бошқаришга ҳам вақт ажратаяпти. Қишнинг изғиринли совуқлари, ёзнинг жазирама иссиғига дош бериб, тупроқдан олтин яратаётган, эл дастурхонига барака қўшаётган деҳқон, фермер хўжаликларининг 17 тасини хотин-қизлар бошқараётганлиги ҳар қанча эътирофга сазавордир.

Қадрли аёллар!

Давлатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлардан кўзланган мақсад энг аввало инсоннинг ҳаёт кечириши учун имконият ва шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилгандир. Кеча қандай яшаган эдик, бугун ҳаётимизда қандай ўзгаришлар бўлмоқда? Ҳар бир инсон ўз турмуш тарзидаги ўзгаришларга ана шу мезон билан ёндашади.

Энди туманда аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ёндашувлар ҳам тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Жумладан, эҳтиёжманд аёлларга зарур шароитлар яратиш, хотин-қизлар саломатлигини тиклаш ва муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ жойларда яшайдиган аёлларнинг касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш бўйича муҳим тадбирлар амалга оширилаётир.

12 нафар эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинган бўлса, олий таълим муассасаларида тўлов шартномаси асосида таҳсил олаётган 80 нафар талаба хотин-қизларга тўлов-шартномаси маблағлари тўлаб берилди.

Бу ота-онасидан айрилган муҳтож қизлар ва боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг жамиятда ўз ўрнини топишлари учун улкан имконият эшикларини очди.

2022 йилда маҳаллаларда 1 480 нафарга яқин меҳнатга лаёқатли ишсиз хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилди. Ўтган давр мобайнида уларнинг 1 210 нафари бевосита иш билан таъминланди.

Жумладан, 442 нафарига 12 млрд. сўм имтиёзли кредит,
135 нафарига субсидиялар ажратилди.

Шунингдек, ишламаётган фуқароларга бир гектаргача ер ажратиш тўғрисидаги ташаббусдан 115 нафар хотин-қизлар фойдаланди.

Бугун қайси соҳа бўлмасин янги яратилган иш ўринларига биринчи навбатда илмли, етарли малакаси бор одамлар қабул қилинади. Ўқимаган, аввал ишламаган хотин-қизларни ишга жойлаштириш ёки тадбиркорлик субъекти ташкил этишга ёрдам кўрсатиш учун дастлаб уларни ўқитиш, касб эгаси қилиб етиштириш зарур.

Туманимизда хотин-қизларни касб эгаси бўлишлари, тадбиркорлик кўникмаларини ўзлаштиришлари учун туман бандликка кўмаклашиш маркази тасарруфидаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази томонидан 7 та йўналишда 125 нафар, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан 497 нафар хотин-қизлар ўқитилди.

Аёллар ўртасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирганлар сафи ўсиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Маҳаллаларда олиб борилган “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлар жараёнида ўтказилган сўровларда кўплаб хотин-қизлар ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагини билдирган.

Масалан, 2021 йилда хотин-қизлар томонидан ташкил этилган 187 та тадбиркорлик субъектлари рўйхатга олинган.
2022 йилда эса бу кўрсаткич 221 тани ташкил этди. Энг муҳими улар нафақат ўз оиласини, балки қўни-қўшниларини ҳам иш билан таъминламоқда. Ўтган йили аёллар томонидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектларида 635 та янги иш ўринлари яратилди.

Бундай эзгу ишлар 2023 йилда ҳам давом эттирилади.
185 нафар хотин-қизларга мавжуд манбалар ҳисобидан 750 млн. сўм субсидия ажратиш кўзда тутилган.

Ҳурматли онахонлар, опа-сингиллар!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш мақсадида 2022 йилнинг 3 мартида қабул қилган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони аёлларимизга катта имкониятлар эшигини очиб берди.

Бугун биз эркин ва очиқ жамиятда яшамоқдамиз. Бу имкониятдан тўғри фойдаланиб, давр билан ҳамқадам бўлишимиз, замонавий илм ва касб-ҳунарларни эгаллаб, илғор тараққиёт ютуқларини ўзлаштиришимиз, айни вақтда миллий ўзлигимизга содиқ қолишимиз керак.

Эл-юртимизнинг ана шундай юксак умиди ва ишончини оқлаётган опа-сингилларимизнинг ўтган 2022 йилнинг ўзида
4 нафари давлатимизнинг юксак даражадаги олий мукофотларига сазавор бўлишгани ҳам сўзими исботидир.

Муҳтарама онахонлар, опа-сингиллар ва дилбар қизларим, барчангизни Халқаро хотин-қизлар куни билан яна бир бор муборакбод этаман. Сизларга дунёдаги энг эзгу ниятларимни билдирар эканман, аввало оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик ва фарзандларингиз камолини кўришни тилайман!

Бахтимизга ҳамиша соғ-омон бўлинг!

Эътиборингиз учун раҳмат!

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар