Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Аҳоли муаммоларига эътибор қаратиш юзасидан Ички ишлар вазири ўрганиш олиб бормоқда

Аҳоли муаммоларига эътибор қаратиш юзасидан Ички ишлар вазири ўрганиш олиб бормоқда

10 март 2023 йил
148
0

Аҳоли муаммоларига эътибор қаратиш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш юзасидан Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида ўрганиш олиб бормоқда

Ишчи гуруҳ томонидан асосий эътибор жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш дастурларининг ижроси ҳамда аҳолининг ишсизлик билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш масалаларига қаратилмоқда.

Жумладан, Ички ишлар вазири Мирзачўл туманидаги «Мирзачўл агропром» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Тайёр кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ушбу корхонада ҳозирда 100 нафар мирзачўлликлар меҳнат қилишмоқда. Лойиҳа доирасида жами 240 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган бўлиб, тайёр маҳсулотлар бугунда тўлиқ ички бозорга йўналтирилган.

Шунингдек, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш борасида маҳаллаларда шакллантирилган бешликнинг яъни, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоллари билан ҳамкорликдаги фаолиятлари Мирзачўл тумани 3-сектор мисолида ўрганилди.

Вазир Дўстлик туманининг Саноатчилар маҳалласида барпо этилаётган микромарказда ҳам бўлди. Бу ерда 40 миллиард сўм маблағ эвазига 152 та тадбиркорлик лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Чунончи, ҳудудда чинни буюмлар, алюминий профилли эшик ва дераза ромлари, темир буюмлар, ротбанд елимлари, шланглар, шпатлевка, профнастил, гулқоғоз, синтепон, пенопласт, тунукафон, совун, чорва озиқаси каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш, инкубатор, қушхона, пахта титиш цехи, мол бозори фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Мулоқот давомида мазкур тадбиркорлик субъектлари апрель ойида иш бошлаши, натижада 500 кишининг бандлиги таъминланиши, йилига 72 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрланиши маълум қилинди.

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Дўстлик тумани ички ишлар бўлимида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Ходимлар қулайлиги учун яратилаётган ёпиқ ва очиқ спорт майдончалари кўздан кечирилди. Бундан ташқари туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор штабида ишчи гуруҳ ва мурожаатчилар учун яратилган шароитлар билан танишилди.

Ёшларни ҳунармадчиликка ўргатиш масаласида, тумандаги 1-сонли ўрта умумтаълим мактабида ташкил этилган мини мономарказ фаолияти билан ҳам танишилди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур марказда таълим муассасасининг 50 нафар ўқувчиларига дурадгорлик, пазандалик, тикувчилик, сартарошлик касблари ўргатиляпти. Бу ерда инглиз ва француз тилларини ўзлаштириш имконияти мавжуд. Бундан ташқари ҳудудда 7 сотихлик иссиқхона қурилган ҳамда ўғит тайёрлаш йўлга қўйилган.

Пахтакор туманида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўлами йилдан-йилга ортмоқда. Ички ишлар вазири бу борадаги ишлар билан ҳам танишди. Хусусан, “Paxtakor gold textile” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ип-калава фабрикасида бўлди. Мулоқотда 180 га яқин пахтакорлик меҳнат қилаётган мазкур лойиҳа доирасида келгусида 860 та иш ўрни яратилиши маълум қилинди. 2019 йилда фаолиятини бошлаган корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлари хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.

Ишчи гуруҳнинг Жиззах вилоятидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар