ПАХТАКОРДА СУМАЛАК САЙЛИ
Маълумки, об-ҳавоси мўътадил юртимизда баҳор фаслининг қуёшли кунларининг илиқ тафтидан она замин баҳра олиб, дов-дарахтлар яшил либосини кия бошлаган дамларда халқимизнинг азалий қадриятларидан саналган қишлоқ ва шаҳарлардаги хонадонлар, кўча ва гузарларни ободонлаштириш, умумхалқ ҳашарларини уюштириш, Наврўз, сумалак сайллари каби тадбирларни ўтказиш оммавий тус олади.
Туман маданият марказининг байрамона безатилган ҳовлисида уюштирилган бу галги Сумалак сайли юқори кўтаринкилик билан бошланди. Ана шу Наврўзолди тантаналарида иштирок этаётган қайси бир юртдошимиз билан суҳбатлашмайлик, уларнинг қалбида шукроналик, ҳаётдан мамнунлик, обод юртидан фахрланиш туйғулари жўш ураётганлигини англаш мумкин. Айниқса, ёшлардаги шижоат, интилиш, эртанги кунга бўлган ишончни, уларнинг билим ва салоҳиятни кўриб, кўнгиллар фахрга тўлади.
Қалбларга қувонч, юзларга табассум улашаётган ушбу кунда эса марказ ҳовлисига ўрнатилган дошқозонларда туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси С. Қосимова раҳбарлигида Г.Умирова, Б.Амирова, С.Абдуллаева, Д.Тиркашева, Н.Ибрагимова, Д.Дўстова, И.Сангирова, Г.Саломова, Д.Худойбердиева, М.Раҳмонова ҳамда Д.Рўзибоева каби тиббиёт ҳамшира ва ишчи ходимлари томонидан тайёрланаётган халқимизнинг шоҳ таоми – сумалак ҳиди чор тарафни тутиб кетди.
Туман ҳокимлиги, мавжуд корхона, ташкилот ва муассасалар иштирокида ташкил этилган ушбу тадбирда сўз олган туман ҳокимининг ўринбосари Ф.Қўлдошев иштирокчиларнинг барчасини бугунги айём билан қутлаб, асрлар оша яшаб келаётган сумалак сайли каби миллий қадрият ва анъаналаримиз халқимизнинг қадим тарихи ва руҳияти билан чамбарчас боғлиқ эканлиги, уларда табиатдаги ўзгаришлар, фасллар алмашинуви ва аждоларимиз кўнглидан кечувчи некбин ҳис-туйғулар ўзининг бадиий ифодасини топганлиги тўғрисида таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда мавжуд умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган ижодий тўгаракларнинг иқтидорли аъзолари томонидан Сумалак сайли маросимига оид расмлар, эртак қаҳрамонлари сиймоси гавдалантирилган қўғирчоқлар ҳам намойиш этилди. Шу билан бирга бадиий ва ҳаваскорлик жамоалари, санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага хушнудлик, кўтаринки кайфият бағишлади.
Инсоният тафаккури ўз тарихига эга.Унинг қатламларида шу кунгача бўлган онгнинг эврилишлар жараёни ўз ифодасини топган. Наврўз байрамига хос урф-одатлар, сайлларда ҳам биз бу жараённинг бадиий кўриниш олганини кўрамиз. Ҳар бир маросимда бўлгани каби Наврўзнинг ҳам ўзига хос, шаҳона таоми ҳисобланган сумалак пиширишнинг ўзи қатъий анъалар асосида маълум тартиб қоидаларга амал қилинган ҳолда бажарилади.
Сумалак сайли билан боғлиқ урф-одат ва анъаналар халқимиз орасида бугунги кунгача кенг нишонланиб келинади. Сумалак билан бир қаторда Наврўз кунларида ҳалим, наврўз гўжа каби тансиқ таомлар ҳам пиширилган.