Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Ёмғир жиззахлик марафончилар шаштини қайтара олмади (фото)

Ёмғир жиззахлик марафончилар шаштини қайтара олмади (фото)

13 март 2023 йил
156
0

Жиззахда ҳам Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб “Yangi Nafas” оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди.

Муттасил ёмғир ёғиб туришига қарамай, Жиззах шаҳрида ўтказилган ушбу мусобақада 2 минг нафардан ортиқ ҳаваскор спортчилар иштирок этди. “Yangi Nafas” оммавий югуриш марофони – Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Спортни ривожлантириш, Олий таълим, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси ва бошқа ҳамкор вазирлик ҳамда ташкилотлар томонидан ўтказилди.

“Yangi Nafas” оммавий югуриш марафони Жиззахда ҳам эрталаб соат 8:00 да ҳарбий оркестр садолари остида Шароф Рашидов тумани “Совунгарлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Шавкат Бобоев кўчаси бошидан старт берилди. Иштирокчилар Жиззах шаҳридаги “Истиқлол” ҳамда Шароф Рашидов кўчалари бўйлаб 3 километрлик масофани босиб ўтиб, финишни вилоят марказидаги Шароф Рашидов хиёбонида якунлади.  

— Барчамиз учун суюкли бўлган Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб ўтказилган “Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақаси нафақат аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва кенг ёйиш, каттаю кичикни бир мақсад атрофида бирлаштириш, жипслаштиришга хизмат қилади, – дейди оммавий югуриш мусобақаси бош котиби Олимжон Раҳимов. – Бешинчи бор ташкил этилаётган ушбу оммавий югуриш тадбирига бир пайтнинг ўзида 14 та шаҳарда, жумладан, Жиззах шаҳрида ҳам бир вақтда старт берилиши мусобақанинг нуфузини ошириб, унинг қамровини янада кенгайтирди.  Мусобақада касби, миллати, фуқаролигидан қатъи назар барча хоҳловчилар иштирок этди.

Ушбу югуриш марафонида эркаклар ўртасида Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиси Жўрабек Болтабоев биринчи ўринни қўлга киритди. Жиззах давлат педагогика университети 1-босқич талабаси Ислом Абдукаримов иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, вилоят ички ишлар органлари ходимларидан Бекзод Тўлиевга учинчи ўрин насиб этди.  

— Бугунги ноқулай об-ҳаво шароити иштирокчиларга ноқулайлик туғдиргани шубҳасиз, лекин ҳарбий хизматчи учун об-ҳавонинг қандай бўлишининг аҳамияти йўқ, чунки у ҳар қандай шароитда белгиланган вақтда керакли масофани босиб ўтиши шарт, – дейди мусобақа ғолиби Жўрабек Болтабоев. – Биринчи ўринни эгаллаганимдан хурсандман. Ёмғирли ҳаво бўлишига қарамай ташкилий ишларни аъло даражада бажарган барча ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман.  

Аёллар ўртасида ўтган беллашувда Жиззах олимпия ва параолимпия тайёрлаш маркази тарбияланувчиси Феруза Хайруллаева марра чизиғини ҳаммадан аввал кесиб ўтиб биринчи ўринни эгаллаган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Жиззах шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Жасмина Хўрозова ҳамда яна бир Жиззах олимпия ва параолимпия тайёрлаш маркази тарбияланувчиси Моҳинур Омоновалар қўлга киритди.  

Мусоқабада имконияти чекланган эркаклар ўртасида Сардор Тўлқинбоев, аёллар ўртасида Азиза Эргашевалар рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланди. Шунингдек, “Энг ёш иштирокчи” номинациясида ўғил болалардан Амирбек Абдунабиев, қиз болалардан Меҳрибон Исмоиловалар, “Энг улуғ ёшли иштирокчи” номинацияси соҳиблари – эркаклардан 73 ёшли Тўлқин бобо Солиев, аёллардан 56 ёшли Муқаддас она Холмуродовалар тақдирланди.

Тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев сўзга чиқиб, ушбу мусобақа аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ҳар қандай об-ҳаво шароитига қарамай марафонга келган ҳар бир иштирокчи бугунги мусобақа ғолиби эканини, фуқароларимизни бир мақсад атрофида бирлаштириш ва жипслаштиришга, шунингдек, йилдан-йилга оммавийлашиб бораётган саломатлик тадбирларининг даражасини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини алоҳида таъкидлади.

“Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақаси ғолиб ва совриндорларига диплом, “олтин”, “кумуш”, “бронза” медаллари ва қимматбаҳо совғалар, турли номинация соҳиблари ҳамда бугунгидек ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай мусобақани аъло даражада уюштирган ташкилотчилар ҳам фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Совринларни мутасадди раҳбарлар оркестр садолари остида тантанали равишда топширди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар