Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Келажак учун энг катта инвестиция

Келажак учун энг катта инвестиция

25 март 2023 йил
178
0

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқи­га йўллаган Мурожаатномасида янги Ўзбекистон учун энг катта инвес­тиция — таълимни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Бундан кўриниб турибдики, эндиликда таълим сифати ва ушбу соҳада фаолият юри­таётган педагогларнинг нуфузи янада ошади.

Қолаверса, ушбу Мурожаатномада ўқувчи-ёшларнинг камида иккита чет тилни билиши умуммиллий эътибор даражасига кўтарилиши ҳам айтилди. Болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларни пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқишдан ташқари уларнинг касб-ҳунарларга, санъат ҳамда маданиятга қизиқиши янада кучаяди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда нав­қирон авлод учун кенг имкониятлар ­эшиги очилди. Уларнинг ўқиши, илм-фан ёхуд тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қатор имтиёзлар, қулай шарт-шароитлар яратилаётир. Шундай экан, келажагимизнинг мус­таҳкам пойдевори саналган ёшлар ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши, замонавий илм-фан ютуқларини эгаллаши, мустақил фикрлай олиши, хорижий тилларни пухта ­билиши жуда муҳимдир.

Ривожланиш сари юз тутаётган мамлакатимиз ёшлари учун хорижий тилларни билиш долзарб аҳамият касб этади. Шу маънода жорий йилнинг январь ойида давлатимиз раҳбари раислигида мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда ҳам чет тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва ўқувчиларни касбга йўналтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Хўш, чет тилларини ўрганиш борасида, хусусан, таълим тизимида қандай камчиликлар бор? Мактабларда 1-синф­дан 11-синфгача хорижий тиллар қай даражада ўргатилмоқда ва у талабга жавоб берадими? 11 йил мактабда ўқиган бола чет тилини нега мукаммал эгаллай олмаяпти?

Хорижий тил ўқувчиларининг асосий концепти эркин ва креатив фикрлашга қаратилган бўлиши, ҳар бир ўқувчининг қобилияти ва чет тили бўйича мавжуд билим базаси хатосиз ташхис қилинган ҳолда ўқитишнинг мақбул методик ёндашуви ишлаб чиқилиши ва муайян соҳага йўналтириб ўқитиш кутилган натижаларни беради. Бу жараёнда устоз-муаллимлар, профессор-ўқитувчилар, таълимга дахлдор барча мутахассислар фаол бўлиши ва бу кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши талаб этилади.

Таълим ва тарбия сифати талаб даражасидами?

Таъкидлаш лозимки, таълим ва ­тарбия сифати, ўқитувчиларнинг билими ва маҳоратини талаб даражасида деб бўлмайди. Хабарингиз бор, 2012 йилда 1-синф­дан бошлаб хорижий тилни ўрганиш йўлга қўйилганди. Олий таълим муассасаларида “PRESETT” дас­тури асосида ўқитиш ва тил кўникмаларини ривожлантириш амалга ошириш бошланган эди. Бугун ўша 1-синфларда ўқиган фарзандларимиз умумтаълим мактабларини тамомлаб, айримлари олий ўқув юрт­ларига кирди.

Хўш, бугун уларнинг чет тили бўйича ўзлаштириш даражаси талабга жавоб берадими? Бу методик ёндашувнинг самараси қандай бўлди? Кутилган натижани бердими?

Тўғри, бу борада бир қатор ютуқларга эришилгани шубҳасиз. Авваламбор, хорижий тилни ўрганишнинг шахс фаолиятидаги ҳамда жамият олдидаги аҳамияти ёшлар онгига сингдирилди. Ёшларимиз тилни билиши натижасида ривожланган мамлакатлар олий таълим муассасаларида ўқиш имконияти ­яратилди. Тил ўрганишга қизиқиш ­олдингидан сезиларли даражада кучайди ва оммалашди.

Аммо бугунги таҳлилларга кўра, бир қадар ютуқлар бўлгани эътироф этилса-да, барчамизни ташвишга соладиган жиҳатлар ҳам анчагина эканлиги аён бўлиб бормоқда.

Масалан, Жиззах вилоятида 16 минг­га яқин битирувчиларнинг бор-йўғи 300 нафари имтиёзли чет тили сертификатини эгаллашини ҳам яхши кўрсаткич деб бўлмайди. Бу имтиёзли сертификат олганлар, асосан, инглиз тилини чуқур ўрганувчилар, аммо физика, ­химия ва бошқа фанларни танлаган ўқувчилар-чи?

Бугун давлат раҳбари битирувчи ўқувчилар камида иккита хорижий тилни билиши зарурлигини уқтирмоқда. Афсуски, кейинги йилларда инглиз тилидан бош­қа тилларни ўрганиш рағбатлантирилмади. Олдинги йўл қўйилган хатолар бу тилларни мактабларда деярли ўқитилмасликка олиб келди.

Ҳозирги пайтда Жиззах вилоятида 17 нафар француз тили ўқитувчиси, 23 нафар немис тили ўқитувчиси фаолият юритади, холос. Бирон-бир мактабда шарқ тилларини, жумладан, ­хитой, корейс, япон тилларини ўрганиш йўлга қўйилмаган. Шу маънода, ўқувчининг мактабда иккита хорижий тилни ўрганиши учун ҳам ташкилий, ҳам амалий имконият мавжуд эмас. Қолаверса, вилоят олий таълим муассасаларида инглиз тилидан бошқа тиллар бўйича мутахассислар тайёрланмайди.

Фикримизча, олийгоҳларда бошқа хорижий тилларни ҳам ўқитиш ва мутахассислар тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарур. Жумладан, француз, немис, хитой, япон, корейс тиллари бўйича мутахассислар тайёрловчи бўлимларни йўлга қўйиш, бундан ­ташқари, бу тилларни иккинчи тил ­сифатида ўқитишни кучайтириш ­мақсадга мувофиқ.

Хусусан, инглиз-француз, инглиз-немис, инглиз-хитой, инглиз-япон, ­инглиз-корейс ихтисослигини бериш амалиётини жорий этиш ҳам самара беради деб ўйлаймиз.

Умуман, хорижий тилларни самарали ўқитишнинг калити — замонавий билими эгаллаган, савияли хорижий тил кўникмасига эга бўлган ўқитувчиларни тайёрлаш билан боғлиқдир.

Ўзаро ҳамкорликнинг амалий натижалари

Бугунги кунда Жиззах давлат педагогика университетида бир ярим мингдан ортиқ талабалар чет тилларни ўрганмоқда. Хорижий тиллар факультетида асосий мутахассислик фани сифатида инглиз тили, иккинчи тил сифатида эса немис ва француз тиллари ўқитилмоқда.

Айни чоғда нофилологик факультетларда ҳам чет тилини ўргатишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларимиз хорижий тилларни билиш даражасига, яъни халқаро ва миллий квалификация, жумладан, “IELTS”, “CEFR”, “APTIS”, “TKT”, “CELTA”, “TESOL” каби сертификатларни олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда ҳамда ушбу сертификатга эга профессор-ўқитувчилар, талабалар рағбатлантирилиб борилаётир.

Университет ва Британия Кенгаши билан тузилган ўзаро ҳамкорлик шартномаси асосида Жиззах давлат педагогика университетида “IELTS” имтиҳонлари ўтказилмоқда. Шартномага кўра, жиззахлик талабалар, абитуриентлар, профессор-ўқитувчилар Жиззах шаҳрининг ўзида ушбу халқаро имтиҳонни топшириш имкониятига эга бўлди.

Университет профессор-ўқитувчилари олий таълим тизимида хорижий тиллар ўқитиш узвийлигини таъминлаш, таълимнинг барча йўналиши учун ўқув ада­биётлар ва дарсликларнинг янги авлодини чет эллик ҳамкорлар иштирокида яратиш борасида илмий изланишлар олиб бормоқда. Шунингдек, профессор-ўқитувчиларни хорижий давлатларга илмий стажировкаларга ва малака ошириш курсларига юбориш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади ҳамда бу борада жаҳондаги нуфузли халқаро университетлар билан ҳамкорликда ишлар амалга ошириляпти.

Университетимиз кўплаб хорижий ҳамкорлар билан яқин илмий алоқаларни йўлга қўйган. Жумладан, Буюк Британиянинг Норвич ва Портсмуд, Франция, Туркия ва Қозоғистоннинг бир неч­та университетлари, Россия Федера­циясининг Москва ва Тула давлат педагогика университетлари ҳамда ­бошқа кўплаб олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

Яна бир муҳим масала шундаки, олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги алоқани кескин даражада кучайтириш лозим. Халқаро (PISA, PIRLS, TIMSS, EGMA, EGRA) ­дастурлар талаблари тўғрисида ҳамда ўқувчиларни мазкур тадқиқотларда қатнашишга тайёрлаш бўйича олий таълим муассасалари ўқитувчи-ўқувчилари ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориши лозим. Семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир шаҳар ва туманимиздаги биттадан умумтаълим мактабида иккинчи хорижий тилни ўқитиш йўлга қўйилиб, ўқувчи-ёшларни замонавий касбларга ўргатиш бўйича режалаштирилган тажриба-синов мактаблари — Дўстлик, Зомин туманлари ва Жиззах шаҳридаги 10 та умумтаълим мактабида амалга ошириладиган бўлди.

Илмий-методик ишларга мактаб ўқитувчиларини жалб қилиш, халқаро баҳолаш дастурларига тайёрловчи “stesting.uz” платформаси орқали умумтаълим мактабларининг ўқувчиларини “PISA”, “PIRLS”, “TIMSS” онлайн тайёргарлик синовларида иштирок этишини таъминлаш ҳам яхши натижа беради деб ишонамиз.

Мактаб ўқувчилари ўртасида “Spelling Bee”, “Brilliant Minds” фан олимпиадаларини ўтказиш, мактабдан хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ўқувчиларни саралаб олиб, хорижий тилда “CLIL” (Content and Language Integrated Learning) технологияси асосида ўқув жараёнини ташкил этишга устувор аҳамият қаратилиши лозим. Қолаверса, мактаб ўқувчиларида танқидий фикр­лаш (Critical thinking); коллаборация (Team Work — жамоавий ишлаш); креативлик (Creativity — ижодкорлик); коммуникация (Communicative skills — мулоқот кўникмалари)ни шакллантирувчи методлар юзасидан баҳс-мунозара ўтказиш, хорижий тилларни ўқитишда “blended learning”, “flipped learning” технологияларидан самарали фойдаланиш орқали ўқув жараёнида олий таълим муассасалари ўқитувчилари мактаб ўқитувчилари билан ёнма-ён фаолият юритиши яхши самара беради.

Хорижий тиллар таълим йўналиши битирувчи курс талабаларини таълим муассасаларида “CLIL” ёндашуви бўйича ишлашига шароит яратиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун битирувчи курс талабалари ўқув жараёнини ташкил қилишда дуал таълим принципларини жорий этиш тавсия қилинади, яъни табиий фанлар ёки аниқ фанлар йўналишини битираётган талабага хорижий тиллар қўшимча квалификацияси берилиши натижасида, дейлик, биология ­фанини инг­лиз тилида ўқитадиган ­мутахассис етишиб чиқишига им­коният яратилади.

Эзгу мақсадларга билим орқали эришилади

Бугунги замонавий дунёда компьютер таржимонлар, турли дастурлар ва овозни аниқлаш технологияларидаги ривожланиш шарофати билан хорижий тилларни ўрганиш имконияти янада кенгаймоқда. Мамлакатимизнинг ҳар бир бурчагида қатор тил марказлари фаолият олиб боряпти.

Жумладан, олий таълим муассасалари қошида ҳам хорижий тилларни ўрганишга қаратилган марказлар ёшлар хизматига шай турибди. Бу эса ёшларнинг хориж тилларини пухта ўрганиш, ўз соҳасига оид халқаро тажрибаларни эгаллаш имкониятларини кенгайтиради.

Масалан, мактаблар қошида очилган касбга ўргатиш марказлари ўқувчиларни касбга тайёрлашнинг самарали йўлидир. Бироқ давлатимиз раҳбари соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича танқидий фикрларни билдирар экан, шароит ва мутахассислар йўқлиги сабабли ёшларни касбларга қизиқтириш муҳити шаклланмаганлигини, мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётганини афсус билан таъкидлади. Шу боис ҳам мактабларда касб-ҳунар устахоналари ташкил этиш, уларни жиҳозлаш ва зарур ашёлар билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Бугун одамларни иш билан таъминлаш, бирор фаолият турига жалб этишнинг энг самарали йўли — уларни касб-ҳунарга ўқитишдир. Мактаб ўқувчисига ҳаётида асқатадиган бирор-бир ҳунарни ўргатиш, эгаллаган касби бўйича бўш иш ўрни яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизларни касбга қайта тайёрлашга зарур ша­роитлар яратилган. Мактаблар қошида ташкил этиладиган мономарказлар ­фаолияти ўқувчи ёшларни касб-ҳунар, хорижий тил курслари, рақамли технологияларга ўқитишга йўналтирилгани билан катта аҳамиятга эга. Хўш, уни ривожлантириш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

Энг аввало, Президентимиз томонидан касбга йўналтириш масалалари бўйича белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш учун умумий ўрта таълим мактабларида касбга ўргатиш марказлари ташкил этиб, 10 ва 11-синф ўқувчиларига касбий тайёргарлик таълими бериш, узлуксиз таълим тизимини йўлга қўйиш долзарб масала ҳисобланади. Касбга йўналтириш ишларини такомиллаштириш учун умумий ўрта таълим мактаблари қошида мавжуд ўқув моддий-техника базасини қайта кўриб чиқиб, туманлар кесимида касбга ўр­гатиш марказларини очиш талаб этилади.

Эътиборлиси, бунда ўқувчиларни ҳаётга тайёрлашда касбий билимлар бериш асосида меҳнат, касбий кўникма ҳамда малака маҳоратини эгаллаши таъминланади. Қолаверса, касбга ўргатиш марказларида тегишли касб-ҳунарнинг турига кўра ҳудуддаги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик шарт­номалари асосида амалий машғулотлар йўлга қўйилади.

Мазкур йўналишдаги касбга ўр­гатиш маркази ишини фаоллаштириш учун қатор имтиёзлар бериш, жумладан, ўқув курсларини давлат ҳисобидан ташкил этиш, молиялаштиришни давлат ва маҳаллий бюджетдан таъминлаш, халқаро малака сертификатини олган ҳар бир ўқитувчи учун қўшимча устама белгилаш, қўшимча бинолар қуриш ва мактаб тасарруфидан ташқари бўш биноларни узоқ муддатга ижарага бериш, хориждан келтириладиган адабиётлар ва ускуналарни имтиёзли харид қилиш каби енгилликлар берилишини назарда тутиш мақсадга мувофиқ, албатта.

Ҳар бир мактабнинг ҳудудий жойлашувини ҳисобга олиб, касбга ўргатиш марказларида ихтисосликлар бўйича касб­ларга тайёрлаш, шунингдек, 3 та хорижий тил, тадбиркорлик кўникмалари, компьютер дизайни дастурлари бўйича ўқув курслари ташкил этилади. Ўқув курси давомида жами 100 — 120 соатли касбий тайёргарлик таълими берилиб, якунда тегишли ихтисосликлар бўйича ишлаб чиқариш амалиёти ўтказилади.

Касбга ўргатиш марказларини муваффақиятли тугатган ўқувчиларга тегишли ихтисосликлар бўйича меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи Касбий малакани баҳолаш марказидаги синовлари асосида тегишли сертификат берилиши кўзда тутилади. Мазкур сертификат мутахассиснинг касбий маҳоратини тавсифлаб, аҳамиятли жиҳати, ўрта махсус касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади ва эгаллаган билимларини меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Тарбиянинг мағзи ва мазмуни

Умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этиладиган касбга ўргатиш марказларида касбий тайёргарлик таълимини амалга ошириш, асосан, технология таълими ўқитувчилари зиммасига юкланади. Аммо ҳозирда тайёрланаётган технология таълими ўқитувчилари умумий ўрта таълим мактабларининг 10 ва 11-синфлари ҳамда касб-ҳунар мактабларида касбий тайёргарлик таълими бўйича дарс машғулотлари олиб бориш учун етарли даражада касбий тайёргарликка эга эмас.

Шу боис ҳам технология таълимини технология ва дизайн, сервис хизмати кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги асослари йўналишлари базасида ёшларга касб­га ўргатиш марказларида дарсларни уюштириш ва ўтказишни уддалай олишга қаратилган касбий тайёргарлик таълими ихтисосликларини очиш бугунги кун талабидир. Қолаверса, бундай ўқитувчиларни тайёрлашга қаратилган ўқув режаларига бевосита технология таълимига боғлиқ бўлган касбий тайёргарлик таълими ихтисосликларини қамрайдиган ўқув фанларини киритиш лозим бўлади.

Меҳнат тарбияси — тарбиянинг мағзини, мазмунини ташкил этади. Барча халқларнинг энг илғор анъаналари меҳнат жараёнида пайдо бўлиб такомиллашади. Меҳнат анъаналарининг таянчи сифатида ёшларни ҳаётга, ижти­моий фойдали меҳнат фаолиятга тайёрлаш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Биз ёшлар тарбиясида Технология фанига ҳаётий эҳтиёж сифатида қарашимиз билан ўқувчини бетартиблик ва дангасаликка чалинишининг олдини олибгина қолмай унинг келажакдаги маълум бир касб эгаси бўлишига замин яратамиз. Акс ҳолда, ўсиб келаётган ёш авлод ўз ҳолига ташлаб қўйилса, меҳнатга бўлган табиий интилиш сўнади.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган 10 мингдан ортиқ умумий ўрта таълим мактабларини ҳар йили 500 мингга яқин ўқувчи-ёшлар битириб, уларнинг 30 фоизи таълимнинг кейинги бос­қичларида (олий таълим муассасаларида) ўқишни давом эттиришади. Қолган 70 фоиз битирувчилар ўзларининг меҳнат фаолиятларини бошлаши ёки профессионал таълим муассасаларида касб-ҳунар ўрганишлари учун умумтаълим мактабларида Технология фанига ажратилган соатлар ҳажми, ўқув дастури мазмунини хорижий мамлакатларнинг таълим дастурлари асосида тубдан қайта кўриб чиқиш ва такомил­лаштиришни тақозо этади.

Шу ўринда яна бир саволни ўртага ташламасликнинг иложи йўқ. Бугунги кунда умумий ўрта таълим мактабларининг юқори синфларида ўқитилаётган ушбу фан дастури мазмуни ўқувчиларга дастлабки ҳаётий касбий кўникмаларни эгаллаши учун талабга жавоб берадими?

Маълумотларга кўра, ўқувчи-ёшларга мустақил ишлаш кўникмаларини ривожлантириб бориш мақсадида Россия­да Технология фани ўқув дастури мазмунига “Конструкцион буюмлардан материаллар ясаш” (22 соат), “Чизмачилик ва графика” (10 соат) каби мавзуларни ўқитиш орқали касбий кўникмалари шакллантирилса, Беларусь мактабларида эса “Веб-сайтларни яратиш ва конструкциялаш” (6 соат), “Тадбиркорлик асослари” (10 соат) каби мавзулар, Қозоғистонда “Ёғочга қўлда ишлов бериш” (7 соат), “Металларга қўлда ишлов бериш” (8 соат) каби мавзуларни ўқитиш орқали касбга йўналтириш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.

Бундан кўринадики, ривожланган хориж мамлакатлари тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон умумий ўрта таълим тизимида 1 — 11-синфгача Технология фанини киритиш ҳамда унга ҳафтасига камида 2 соатдан ажратиш, ўқув дастурларини тубдан қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Аслида ҳам билим ва кўникма бир нуқтада бирлаштирилгандагина меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, ялпи ички маҳсулотнинг ортишига ­хизмат қиладиган кадрлар шаклланишига эришиш мумкин. Мактабларда касб-ҳунар таълими эса айни мақсадларнинг амалга ошишига хизмат қилади.

Тан олиш керак, илгари касб-ҳунар коллежлари фақат диплом беради дея танқид қилинарди. Бу кинояли ибора замирида ҳақиқат учқунлари ҳам йўқ эмас. Аслида бундай таълим масканларида билим, амалий кўникма, ҳар қандай янгиликни қабул қила олиш ва мослашиш қобилияти шакллантирилиши лозим эди. Минг афсуски, жараён синф хонасидан ташқарига чиқмади. Ёшлар фақат назарий билим билан чекланиб қўя қолди. Мактабларда ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш, ўз соҳаси бўйича бевосита жараённинг ўзида иштирок этиб, кўникма ҳосил қилиш эса тамомила бошқа масала.

Умуман олганда, бугунги кунда таълим ва касбга тайёрлаш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самараларини бермоқда. Аммо бу билан чекланмасдан, бу борадаги ишларни ­халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, янада такомиллаштириб бориш давр тақозосидир.

Шавкат ШАРИПОВ,

Жиззах давлат педагогика университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар