Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас

Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас

08 май 2023 йил
258
0

“9 май – Хотира ва қадрлаш куни” байрами муносабати билан туман ҳокими Ашуров Асилбек Рахмоновичнинг  ТАБРИК СЎЗИ

Ассалому алайкум, муҳтарам фахрийлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Аввало барчангизни Ватан озодлиги, юртимиз тинчлиги учун меҳнат фронтида фидойилик кўрсатган муҳтарам нуронийларимизни ва меҳнат фахрийларини Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 78 йиллиги билан туманимиз фаоллари ҳамда кенг жамоатчилиги номидан самимий қутлайман.

Бугун барчамиз аввало буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, мана шу ёруғ кунларга етиб келолмаган азиз инсонларни ёд этамиз, уларнинг хотираси, пок руҳлари олдида таъзим қиламиз. Шафқатсиз урушда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Ҳурматли нуроний отахонлар ва онахонлар!

Маълумки, фашизм инсоният бошига мислсиз кулфатлар ёғдирди. Бу мудҳиш воқеа инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлгани ҳеч қачон унутилмайди.

Миллионлаб инсонлар қурбон бўлган, ўнлаб ўлкаларга вайронагарчиликлар келтирган фашизм устидан қозонилган ғалабада ўзбекистонликларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.

Бешафқат урушда салкам 1,5 миллион ўзбекистонликлар иштирок этган бўлса, ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жанг-у жадалларда қатнашди.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.

Шунингдек, кўплаб ўзбек ўғлонларининг умрига зомин бўлган Афғон уруши (1979-1989йиллар) тилга олинади. Маълумотларга кўра, республикамиздан Афғонистондаги жангларда 65 минг нафарга яқин киши иштирок этган ва уларнинг 1500 нафари ҳалок бўлган, 2,5 мингга яқини оғир тан жароҳатлари олганлар. Бугунги кунда туманимизда 64 нафар Авғон уруши қатнашчилари истиқомат қилиб келмоқдалар.

1986 йилнинг 26 апрель куни юз берган Чернобил фожеаси эса ядровий қувватдан фойдаланиш даври бошланганидан буён рўй берган энг ҳалокатли ҳодиса сифатида эсда қолди.

Ядровий ҳалокат оқибатларини бартараф этишга, Ўзбекистондан ҳам кўплаб одамлар сафарбар этилди. Бугунги кунда бизнинг туманимизда ҳам Чернобил оқибатларини бартараф этишда қатнашган 10 нафар фуқароларимиз яшаб истиқимот қилмоқдалар.

Ҳурматли дўстлар!

Бугун биз сизлар билан биргаликда янги Ўзбекистонни барпо этмоқдамиз. Янги ҳаёт, беқиёс ўзгаришлар ҳаммамиздан фидойилик ва бунёдкорликни, янада катта сафарбарликни талаб этмоқда. Бу жараёнда тинчлик, осойишталикни асраш бизнинг энг муҳим вазифамиз деб биламиз.  Кундан-кун чирой очиб бораётган юртимизнинг барча гўшаларида олиб борилаётган кенг кўламли юксалишлар барқарор тинчлигимиз туфайли эканини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Ҳурматли, Пир-у бадавлат отахонлар ва муҳтарама онахонлар!

Азиз фахрийларимиз!

Айни дамда сизларнинг тимсолингизда ўзининг доно маслаҳатлари, бой ҳаётий тажрибаси билан ҳаммамизга устоз ва дуогўй бўлиб юрган мўътабар инсонларни кўрамиз.

Сизларнинг ҳар бирингиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ҳаёт йўлларида дуч келаётган турли муаммоларни енгиб ўтишда биз сизларнинг мислсиз сабот ва матонатингиздан, қатъиятингиздан куч ва ибрат оламиз. Ёш авлодларни она ватанимизга, халқимизга садоқатли, жасур инсонлар этиб тарбиялашда биз сизларни тажрибаларингизга таянамиз. Бугунгидек тинч ва фаровон ҳаётимизни асраб-аввайлаш эса ҳар биримизнинг Ватан олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Ҳар бир осойишта ўтаётган кунимизни таъминлаган ва таъминлаётганларнинг қадрига етишимиз, тинчлик учун жонларини фидо қилган юртдошларимизни хотирлашимиз биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам фахрийларимизни, туманимиз халқини қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклайман,бугунги тинч ва эркин ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун сизларга яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдираман. 

Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!


Paxtakor tumani hokimligi axborot xizmati.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар