Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Президент қарори ижрода: чиқиндидан тайёр маҳсулотгача

Президент қарори ижрода: чиқиндидан тайёр маҳсулотгача

19 май 2023 йил
186
0

Аҳоли сонининг йил сайин кўпайиб бориши уларнинг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжининг кундан кунга ортишига сабаб бўлади ва бу ўз навбатида ўзимиз яшаётган муҳитда чиқиндилар муаммосини юзага келтирмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 апрелдаги “2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Жиззах вилоятида ҳам қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимининг инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  

Чиқиндилар муаммоси бугунги кунда дунёдаги энг глобал экологик муаммолардан бирига айланган. Уни олдини олишнинг асосий ечимларидан бири аҳолининг экологик саводхонлигини ошириш бўлса, иккинчиси, ҳосил бўлган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш механизмларини татбиқ этиш ҳисобланади.  

Жиззах вилоятида чиқиндилардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш тажрибаси кейинги йилларда оммалашмоқда. Бу фаолият билан машғул тадбиркорлар давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани яхши самара беряпти. Ташаббускорлар хориждан замонавий технологиялар келтириб, ўзига хос ишлаб чиқариш тармоқларини ишга туширяпти. Натижада аҳоли хонадонларида ҳосил бўлган қаттиқ маиший чиқиндилар тадбиркорлар томонидан сараланган ҳолда йиғиб олиниб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётир. Энг муҳими, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва арзонлиги халқимизга манзур бўлмоқда.  

Президентимиз томонидан ўтган 2022 йилнинг 2 февраль куни чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш вазифаси қўйилган эди.  

Шундан келиб чиқиб, Жиззах вилоятида экологик муаммоларни ҳал этишда мавжуд имкониятларни ишга солиб, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда Жиззах вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи 24 та тадбиркорлик субъектлари мавжуд.  

Жумладан, “Elita Lyuks Plast” МЧЖ 2019 йилда ташкил топган бўлиб, асосан полиэтилен қувурлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Корхона аҳолидан турли хилдаги пластмасса чиқиндиларни сотиб олиб, қайта ишлайди. Ўтган 2022 йил корхона томонидан 380 тонна иккиламчи хом ашё қайта ишланди. Қайта ишлаш натижасида эса 324 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилди. Айни кунда корхонада 15 нафар фуқаро доимий иш билан банд бўлмоқда.  

 –  Пластик идишлар ўзининг афзалликларига қарамасдан, экология учун долзарб муаммолардан бирига айланди. Пластик идишларни кўча ёки атроф муҳитга ташлаётиб, жуда ҳам кўпчилик уларнинг бир неча 10 йилликлар давомидагина парчаланиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайди, – дейди “Elita Lyuks Plast” МЧЖ раҳбари Толиб Холмуродов. – Пластик чиқиндилар турли ишлаб чиқариш соҳалари учун бирламчи хом ашё вазифасини бажаради. Демак, бундай турдаги чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш орқали каттагина даромад топиш мумкин. Корхонамизда Хитойдан келтирилган автоматлаштирилган замонавий технология ёрдамида турли ҳажмдаги полиэтилен қувурларни ишлаб чиқармоқдамиз. Бунда саралашдан ташқари барча амалиётлар автоматик режимда бажариляпти.  

Соҳа мутахассисларининг берган маълумотларга кўра, 1 тонна қоғозни қайта ишлаш орқали 700 та дарахтни сақлаб қолиш мумкин экан. Бир дона дарахтни экиб, уни парваришлаш учун 5-10 йиллик  инсон умри сарф бўлади. Энди, 700 та дарахтни ўстириб, кейин ундан қоғоз ишлаб чиқаришни тасаввур этиб кўринг. Бундан кўра ишлатилган қоғозларни қайта ишлаш, ҳам табиат учун фойдали, ҳам  чиқиндилар миқдоринининг камайиши экология учун афзалдир.  Буни тўғри англаган жиззахлик тадбиркор Камтар Достонов 2014 йилда қоғоз чиқиндиларини қайта ишловчи корхонани ташкил этди.    

– Замонавий технология ёрдамида иккиламчи қоғоз маҳсулотлари 6 босқичдан ўтиб тайёр картон қоғоз ҳолатига келтирилади, – дейди жиззахлик тадбиркор Камтар Достонов. – Тайёр маҳсулот эса картон қути тайёрланадиган тадбиркорларга етказиб берилмоқда. Ўтган йили корхонамиз томонидан 1 минг 800 тонна иккиламчи қоғоз хом ашёси қайта ишланиб, 2 минг 640 тонна картон маҳсулот ишлаб чиқарилди.  

– Вилоятимизда чиқиндиларни қайта ишлаш фаолияти билан  шуғулланувчи жами 24 та корхона ва тадбиркорлик субъектлари томонидан 2023 йилнинг  1-чорагигача 17 минг 808 тоннага яқин чиқиндилар сараланиб, иккиламчи хом-ашё сифатида қайта ишланди, – дейди Табиат ресурслари вазирлиги Жиззах вилояти бошқармаси матбуот котиби Замира Абдуллаева. – Жиззах вилояти ҳудудида 2023 йилнинг 1-чорагида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси режа бўйича 21 фоизга бажарилиши кўзда тутилган бўлса, амалда эса бу кўрсаткич 26 фоизни ташкил этмоқда.  Жорий йил якунига қадар вилоятда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 42,3 фоизга етказилиши режалаштирилган.  

Эътиборлиси, Жиззах вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш борасида самарали тизимни яратишга ва уларнинг фуқаролар соғлиғи ва атроф-муҳитга зарарли таъсирини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар