Телефонлар:
(0372) 353-14-44
(0372) 353-10-57
» » Пахтакор туманидаги Олтинкўл маҳалласида бошланган бунёдкорлик ишларида 5 ярим мингдан ортиқ ҳашарчи қатнашди

Пахтакор туманидаги Олтинкўл маҳалласида бошланган бунёдкорлик ишларида 5 ярим мингдан ортиқ ҳашарчи қатнашди

08 июнь 2019 йил
302
0

Пахтакор туманидаги Олтинкўл маҳалласида янгидан бунёд этилаётган турар-жой массивида умумхалқ ҳашари уюштирилди.

Вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот  органлари мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги ҳашарга бағишланган тадбирда сўз олган вилоятимиз раҳбари Эргаш Салиев юртимизда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастурининг мазмун моҳияти тўғрисида фикр юритар экан, жойларда  олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ва қайта қуриш ишларига тўхталди.

—Ҳашар—ҳалқимизнинг азалий одати,—деди вилоят ҳокими. —Боболаримиздан қолган бу удум кейинги йилларда янгича мазмун ва моҳият касб этди. Бугунги тадбирда вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалардан 5 минг 585 нафар ҳашарчилар иштирок этаётганлигининг ўзи ҳам халқимизнинг  авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъаналарининг қадриятлар даражасида улуғланаётганлигини кўрсатиб турибди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергенов юртимизда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари тўғрисида фикр юритар экан, кенг кўламли тадбирлар  натижасида одамларнинг турмуш тарзи ўзгариб бораётганлигини, халқимизнинг фаровонлиги юксалаётганлиги қайд этди. Бу борада вилоятда олиб борилаётган ишлар  мақтовга арзирли эканлигини алоҳида таъкидлади.

Шу куни Тошкент вилоятидан келган бир гуруҳ меҳмонлар амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишлар билан яқиндан танишдилар. Пахтакор тумани ҳокими  Шукурилла Бобоев  ўзаро тажриба алмашгани ташриф буюрган дегация аъзоларига “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги тадбирлар, қурилиш, ободонлаштириш ишларини ташкил этишда  ҳашарларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

Шуни таъкидлаш жоиз, бугунгача Пахтакор туманидаги Тошкент, Дўстлик, Олтинкўл, Ғалаба маҳаллалари ҳудудидаги  88 та барак уйларда 960 та оилалар истиқомат қилар эди. Айни пайтда ана шу оилаларнинг 450 тасига  Олтинкўл маҳалласи ҳудудида 0,3 сотихли ер участкаси ажратилиб қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Тумандаги Олмазор массивида эса 4 қаватли барча қулайликларга эга бўлган турар-жой биноси бунёд этилаяпти.

—Ўрганишга арзирли тадбирлар талайгина экан,—дейди юқори Чирчиқ тумани ҳокими ўринбосари  Обиджон Солиев.—Бир қарашда илғаб олиш анча қийин бўлган қурилиш жараёнларни қандай ташкил этишнинг йўл-йўриқларини пахтакорликлардан ўргандик. Янгидан бунёд этилаётган ҳар бир уйда амалга оширилаётган ишлар режали ташкил этилган. Бу иш унумини оширади. Вақтни тежайди. Натижада белгиланган тадбирлар ўз муддатига якунига етади. Бу ҳол уй-жой қурилишида муҳим аҳамиятга эга.

Ҳашар давомида катта ҳажмдаги қурилиш ишлари уддаланди. Тошкнетлик меҳмонлар шу куни секторлар иши, уларга яратилган шароит ва имкониятлар билан танишди. Куннинг иккинчи ярмида Гагарин шаҳарчасига ташриф буюриб, у ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўздан кечиришди.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар