Телефонлар:
(0372) 353-14-44
(0372) 353-10-57
» » Чирой очаётган Пахтакор

Чирой очаётган Пахтакор

17 июнь 2019 йил
338
0

Бугун вилоятимизнинг қайси бир туманига борманг “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўласиз.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қақраб ётган Мирзачўл бағрида ташкил бўлган Пахтакор тумани маркази бугун  улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланган.  

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларида белгиланган эзгу ишлар кўламининг кенг қулоч ёяётганлиги  халқимизнинг турмуш маданиятини ошириб, фаровонлигини юксалтирмоқда.

Эзгу ишларнинг Пахтакор туманига етиб келганлиги  аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини ошириб, кайфиятини яна ҳам кўтариб юборди.

—Туманимизда инфратузилма иншоотлари, йўл ва кўчалар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари бугунги кун талабларига жавоб бермас эди,— дейди Пахтакор тумани ҳоким ўринбосари Ҳамид Ҳасанов. —Бу ҳол республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари натижаларида ҳам эътироф этилди. Шундан сўнг барча қишлоқ ва маҳаллаларнинг ижтимоий инфратузилмасини замон талабларига мослаштириш, аҳолининг яшаши учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда туман марказидаги Дўстлик, Тошкент, Ғалаба ва Олтинкўл маҳаллаларида “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари  амалга оширилаяпти. Дастлаб ана шу маҳаллалар ҳудудида  олтмишинчи  йилларда қурилган 188 та кўп қаватли  уйлар таъмирланиб, 88 барак уй ва режасиз, ноқонуний қурилган 1500 дан зиёд иншоотлар тўлиқ бузиб ташланди.

Энг муҳими  барак уйларда яшаб келаётган 950 оила янги турар жойлар билан таъминланадиган бўлди. 120 оила янгидан барпо этилаётган кўп қаватли уйларга кўчиб ўтадиган бўлди. 830 оилага якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,03 сотихдан ер майдони ажратиб берилди.

– Тумандаги  4 та  массивда бош режа асосида якка тартибда 858 та янги турар жой бинолари барпо этилмоқда, – дейди туман қурилиш бўлими бошлиғи Аҳрор  Жўраев.–Шахсий уй қурувчилар кредит маблағлари билан таъминланмоқда. Уларнинг ҳар бирига 1 тоннадан цемент, шағал ҳомийлар томонидан бепул берилаяпти. Бошқа қурилиш материаллари ҳам арзон нархларда етказилди.  Халқимизнинг қадимий анъанаси—ҳашар усулидан самарали фойдаланмоқдамиз. Бу ишда кам таъминланган оилаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирларнинг асосийси Олтинкўл маҳалласида амалга оширилаётир. Бу ерда бир йўла  448 та  0,03 сотихли шахсий уй-жойлар барпо этилаётир. Қурилиш ишларини жадаллаштиришнинг барча  усулларидан самарали фойдаланилаяпти. Ҳозиргача қурилаётган уйларнинг 80 фоизида пойдевори тикланди. 15 фоиз  уйларнинг девор ишлари якунига етди. Қурилиш ишларида 1 минг 500 нафардан зиёд ҳашарчилар иштирок этмоқда. Ҳудуддаги 13 та кўчага шағал ётқизилди. 2,5 километрли ичимлик суви, 2 километрли  электр тармоқлари тортилди.

 —Олтинкўлда  150 ўринли мактабгача  таълим муассасаси, 300 ўринли тикувчилик корхонаси, савдо, маданий-маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари барпо этилади,—дейди туман қурилиш бўлими бошлиғи Аҳрор  Жўраев.—Айни пайтда   маҳаллада тикув цеҳи иш бошлади. Бу ерда 300 нафар хотин-қизлар доимий иш билан таъминландилар. Уларнинг 150 нафари  ҳақ тўланадиган малака ошириш курсига жалб этилган.

—Қатор йиллардан бери фақат уй-рўзғор ишлари билан банд бўлган хотин-қизлардан ташкил этилган корхонамиз жамоасининг келажакдаги режалари улкан,—дейди тикув цеҳи раҳбари Феруза Боймуродова.—Бир  неча операцияларни бажарадиган замонавий тикув дастгоҳларида ишлаш ҳар бир хотин-қиздан катта билим, маҳорат ва масъулият талаб этади. Тикувчиларимизнинг ҳам  ишлаб, ҳам ўқиб ўз малакаларини оширишлари учун барча қулайликлар яратилган. Бу кўзланган натижаларга эришишимизда қўл келмоқда. Туман ҳокимлиги мутасаддилари, жамоат ташкилотлари, корхоналар, тижорат банклари вакиллари маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда йўл ва кўчаларни, ижтимоий иншоотлар, уй-жойларни таъмирлаш, ободонлаштириш ишларида қатнашмоқда. Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари эса уйма-уй юриб ўтказаётган мулоқотларда муаммолар эшитилиб, уларни жойида ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

—Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишлар туманимизга  етиб келганлиги одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада ошириб юборди,— дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Анвар Саломов. —Ҳақиқатдан ҳам, туманимиздаги Дўстлик, Тошкент, Ғалаба ва Олтинкўл маҳаллалари бугунги тараққиётдан анча ортда қолганди. Ижтимоий иншоотларнинг ачинарли ҳолати, фуқароларнинг яшаш тарзидаги муаммолардан кўз юмиб келаётганлигимиз бор ҳақиқат эди. Айни пайтда ҳар бир хонадонда, кўчада, мактаб, тиббиёт масканини замонавийлаштириш учун  астойдил киришганмиз. Жойларда бошланган кенг кўламли ишлар одамларга ўзгача кайфият, кўтаринки руҳ бағишлаяпти.

Яқинда Тошкент вилоятининг  150 нафар фаоллари  Пахтакор туманида бўлишди. Улар  “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Тумани ҳокими
Ш. Бобоев  “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги тадбирлар, қурилиш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш тажрибалари, ҳашарлар ташкил этишнинг йўл-йўриқлари ҳақида меҳмонларга гапириб берди.

 —Ўрганишга арзирли тадбирлар талайгина экан,—дейди Юқори Чирчиқ тумани ҳокими ўринбосари  Обиджон Солиев.—Янгидан бунёд этилаётган ҳар бир уйда амалга оширилаётган ишлар режали ташкил этилган. Бу иш унумини оширади. Вақтни тежайди. Натижада белгиланган тадбирлар ўз муддатида якунига етади. Бу ҳол уй-жой қурилишида муҳим аҳамиятга эга. Бир қарашда илғаб олиш анча қийин бўлган қурилиш жараёнларни қандай ташкил этишнинг йўл-йўриқларини энди туманимизда ташкил этамиз.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари туман қиёфасини кундан кунга ўзгартираётир. Янгидан бунёд этилаётган савдо ва сервис хизмат кўрсатиш иншоотлари,  болалар майдончалари, ўйингоҳлар нафақат туман кўркига кўрк қўшаяпти, балки аҳлининг кўп йиллик орзу ва умидларини рўёбга чиқараяпти.

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар