Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Саноат тармоқларидаги лойиҳалар ва режалар танқидий кўриб чиқилди

Саноат тармоқларидаги лойиҳалар ва режалар танқидий кўриб чиқилди

26 декабрь 2023 йил
57
0

Президент Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни ҳудудларда электротехника, кимё ва фармацевтика тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Саноатдаги таркибий ўзгаришлар ва шароитлар натижасида сўнгги беш йилда ушбу учта тармоқда ишлаб чиқариш 2,6 баробар ошган, уларнинг саноатдаги улуши 7 фоизга етган. Шунингдек, 231 турдаги янги маҳсулотлар ўзлаштирилиб, экспорт 1,6 миллиард долларни ташкил этган.

Жорий йилнинг ўзида электротехникада 163 миллион долларлик 39 та, кимё саноатида 70 миллион долларлик 17 та ва фармацевтикада 87 миллион долларлик 57 та корхона ишга тушди.

Шу билан бирга, бу тармоқларда фойдаланилмаган имкониятлар ҳали кўп. Ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш электротехникада 50 фоизга, кимё саноатида 40 фоизга, фармацевтикада 18 фоизга ҳам етмайди.

Ҳудудларда ташкил қилинган зоналардан ҳамда саноат кооперацияси имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти. 116 та корхонага олиб келинган 85 миллион долларлик саноат ускунаси ишга тушмасдан турибди. 727 та корхона тўлиқ қувватда ишламаяпти.

Йиғилишда шу каби камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, долзарб вазифалар белгиланди.

– Ҳокимликлар саноат тармоқлари билан узвий боғлиқликда ишлаб, ҳудудларда иқтисодиётни диверсификация қилиши, лойиҳаларни кўпайтириши зарур. Шундагина жойларда иқтисодий ўсиш, иш ўрни, бюджетга тушум бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси йилда мазкур 3 тармоқда 12 миллиард 700 миллион долларлик 24 та йирик лойиҳа бошланиши қайд этилди. “Навоийазот”да поливинилхлорид ва Қўнғиротда кальцийланган сода қувватларини кенгайтириш, Қоракўлда метанолдан олефин олиш, Самарқандда маиший техника ва автомобиллар учун металл листлар ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Давлатимиз раҳбари бу лойиҳаларга керак бўладиган қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни етказиб беришга маҳаллий корхоналарни жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, тармоқ ва ҳудудлар биргаликда ишлаб, электротехникада 2,1 миллиард долларлик 190 та, кимё саноатида 3,8 миллиард долларлик 139 та, фармацевтикада 1,5 миллиард долларлик 110 та ўрта ва кичик лойиҳаларни шакллантирган. Йиғилишда Президент уларнинг қуввати, яратилажак маҳсулотлар тури ва иш ўрнига эътибор қаратиб, лойиҳаларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Мутасаддилар лойиҳалар ижроси, ҳудудлар ва тармоқларнинг ўзаро боғланган иш тизими юзасидан ахборот берди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар