Телефонлар:
(0372) 353-14-44
(0372) 353-10-57
» » Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 1 нафар фуқаро тиббий кузатувда қолмоқда

Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 1 нафар фуқаро тиббий кузатувда қолмоқда

31 март 2020 йил
162
0

Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида
1 нафар фуқаро тиббий кузатувда қолмоқда

Сир эмас ҳозир бутун дунё эътибори коронавирус пандемиясига қаратилган.

Ўтган 2019 йил ойнинг охирида Хитойдан чиққан ушбу инфекция уч ой ичида қарийб барча давлатларга тарқалиб улгурди.
Ҳозирда барчани бирдек ташвишга солаётган ҳам шу – коронавирус. Афсусланарлиси, юртимизда ҳам ушбу инфекция билан касалланишлар ва карантинга олувчилар сафи кундан-кунга ортмоқда. Аммо хавотирланишга ҳожат йўқ.
Юртимизда коронавирус инфекциясининг юқтирган фуқароларимизнинг сафининг ошиши, биринчи навбатда ушбу инфекцияни юқтирган илк беморларнинг эътиборсизлиги оқибатидир.

Ҳозирда коронавирус юқтирган фуқаролар ва улар билан бирламчи ва иккаламчи мулоқотда бўлган барча фуқаролар, шунингдек чет элдан махсус рейслар билан келаётган юртдошларимиз ўн тўрт кунлик тиббий назоратга олиняпти.

Агар назоратни шундай ушласак, ҳурматли Президентимиз айтганларидек, халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамлар карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этишмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар, биз бу касалликни, албатта, енгамиз!
Вилоятимизда коронавируснинг олдини олиш борасидаги профилактика ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Бу борада барча зарурий чоралар кўрилаяпти.
Жорий йил 30 март соат 14:00 ҳолатига Жиззах вилоятида коронавирус юқтириб олиш ҳолати қайд этилмади.
Коронавирус билан касалланган шахслар билан бирламчи мулоқотда бўлганлиги сабабли, вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг махсус боксларига ётқазилган жами 20 нафар фуқаронинг шу кунгача 19 нафарига уларнинг таҳлилларида коронавирус инфекцияси аниқланмагани учун уйларига жавоб берилди.
Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 1 нафар фуқаро тиббий кузатувда қолмоқда.
Шу кунгача хорижий давлатлардан вилоятимизга келган 1843 нафар фуқаро тиббий кузатувга олинган. Улардан шу кун ҳолатига 678 нафари назоратдан чиқарилди. Назоратда қолган бошқа фуқароларнинг 845 хонадонида 5272 нафар оила аъзолари билан уй шароитида карантинга олинган.
Соғлиқни сақлаш бошқармасининг тизимидаги даволаш профилактик муассасаларининг УАШ ва патронаж ҳамширалари томонидан ҳудудларда кунлик назорат ишлари кучайтирилиб, ҳар бир хонадонда тарғибот ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Коронавирус билан қарши курашда асосий юк тиббиёт ходимлари зиммасида эканлиги айни ҳақиқат. Чунки бугун айнан улар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, ушбу инфекция ўчоғларида беморларимизни даволамоқдалар.
Айни шароитда тиббиёт ходимларининг меҳнатини Ватан учун ҳаёт-мамот жангида жонини фидо қилишга тайёр ватанпарварларга қиёслаш мумкин.
Ҳозирда тиббиёт ходимларимиз ҳар қачонгидан ҳам эътибору эътироф, рағбату ишончга муҳтожлар.
Муҳтарам Президентимизнинг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселекторда биз шифокорларга нисбатан Ўзбекистон халқи номидан айтилган миннатдорлик сўзларидан руҳиятимиз янада кўтарилди, кучимизга куч қўшди десам асло муболаға бўлмайди.
Шунингдек, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан, карантин амал қиладиган муддатда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда фаолият олиб бораётган шифокорлар, эпидемиологларга ҳар ойда қўшимча 25 миллион сўм, ҳамшира ва лаборантларга 15 миллион сўм, санитар ходимларга 10 миллион сўм ва бошқа ходимларга 5 миллион сўм рағбатлантириш тўловлари берилади. Бундан ташқари, беморлар билан ишлаш вақтида коронавирус юқтириб олган тиббиёт ходимларига 100 миллион сўм миқдорида алоҳида тўлов берилади.
Халқимизнинг соғлиғини сақлаш учун ўз ҳаётини хатарга қўяётган фидоий тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимларига бу муносиб рағбат бўлди.Дарҳақиқат, агар халқимиз, коронавируснинг олдини олиш бўйича берилаётган тавсияларга қатъий амал қилсалар, биз тез орада албатта ушбу инфекция таҳдидларидан халос бўламиз.

Фарҳод Норқўзиев,
Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш
бошқармаси бошлиғи

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар