Телефонлар:
(0372) 353-14-44
(0372) 353-10-57
» » ХОТИРАДАН ЎЧМАС У КУНЛАР

ХОТИРАДАН ЎЧМАС У КУНЛАР

05 апрель 2020 йил
441
0

ХОТИРАДАН ЎЧМАС У КУНЛАР

1941-1945 йилларда Ўзбекистоннинг олти миллионлик аҳолисидан 1,5 миллиони Иккинчи жаҳон урушида иштирок этди.

Уларнинг 420 минги бир умрга жангоҳларда қолиб кетдилар. Фронтга отланганларнинг 640 минг нафари турли жароҳатлар  олиб,  урушдан майиб-мажруҳ бўлиб қайтдилар. Уруш йилларида юз минглаб  аҳоли Ўзбекистонга эвакуация қилинди.

Иккинчи жаҳон урушида 120 минг ўзбекистонликлар  жангларда кўрсатган жасорати учун орден ва медаллар билан тақдирланди. 338 нафар юртдошларимиз энг олий мукофот – Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгандилар.

Дарвоқе, 1941-1945 йиллар давомидаги уруш одамлар бошига жуда катта кулфатлар билан бирга жудолик, ҳижрон, қайғу ва аламларни солди. Уруш Ўзбекистондан анча олисда бўлишига қарамасдан,  юртимизни четлаб ўтмади. Эл бошига оғир мусибат тушган ўша суронли йилларда барча қардош халқлар қатори  ўзбек ўғлонлари  ҳам фронтга отландилар.

—1944 йилнинг айни  баҳори эди, — дея эслайди, 18 ёшида фронтга отланган, айни пайтда Жиззах шаҳридаги “Олмазор” маҳалласида яшовчи уруш ва меҳнат фахрийси Абдужалил Абдужабборов. —Қўмондонлик бор имкониятни ишга солиб, ташаббускорликни қўлдан бермаслик чораларини кўрарди. Бироқ рўпарамизда турган душман ҳам анойи эмасди. Кетма-кет ҳужумларимиз кўзи қонга тўлган айёр душманнинг найрангларини чипакка чиқарди. Ниҳоят, икки йиллик азоб-уқубатлардан сўнг, Белоруссия озод этилди. Жангларда чинаккам қаҳрамонлик қўрсатган қўшинларимиз Молдавия ва Болтиқбўйи республикалари йўналишига чиқиб олди.

Тиш-тирноғигача қуролланган душман ҳамон қаршилик кўрсатишни давом эттирса, қўшинларимиз эса ҳужумкорликни сусайтирмасдилар. Ўша кезларда 2 минг километрлик узундан узоқ фронт чизиғи бўйлаб ҳаёт-мамот жанглари  давом этарди. 1944 йилнинг кузида немис-фашист босқинчилари мамлакатдан бутунлай ҳайдаб чиқарилди. СССР чегаралари  қайта тикланди. Шунга қарамасдан, қўмондонлик босқинчиларнинг уяси бўлган Берлинда янчиб ташлаш ва Ғалаба байроғини Рейхстагка  тикиш  тўғрисида буйруқ берди.

—1-Белоруссия фронти таркибидаги қисмимиз душманга қарши қақшатқич жангларни олиб борарди, —дейди пулемётчи Абдужалил Абдужабборов. — Олдимизда турган вазифа ниҳоятда жиддий ва масъулиятли эди. Польшанинг Гнев, Староград, Дзяддово каби бир қатор шаҳарларини озод этиш ва Германияга кириб бориш топшириғини олгандик. Душман ортидан изма-из борар эканмиз, фашизмнинг кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган вахшийликларига дуч келдик. Буларнинг барчаси  ҳар биримизни душманни тезроқ тор-мор этиш, урушдан жабр кўрганларни қуллик исканжасидан халос этишга чорларди.

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба ўз-ўзидан қўлга киритилмади. У барча қардош халқлар вакиллари қатори ўзбекистонлик  йигитларнинг жасорати, жангоҳларда қолиб кетган жасур аскарларнинг қутлуғ қони,  оналарнинг аччиқ  кўз ёшлари эвазига  қўлга киритилди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, иккинчи жаҳон урушида бир миллиард етти юз миллион аҳолиси бўлган 61 та давлат иштирок этган.

—Уруш фахрийси сифатида  нуронийларга, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган  катта ғамхўрлик, эътибор учун муҳтарам Президентимиздан беҳад миннатдормиз,—дейди Абдужалил ота Абдуужабборов. —Давлатимиз раҳбарининг 9 май—Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб  ўтказиш, шунингдек Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш тўғрисидаги Фармонга имзо чекдилар. Ҳар бир уруш фахрийсига қутлуғ сана муносабати билан бир йўла 10 миллион сўмдан пул мукофоти бериладиган бўлди. Бундай ғамхўрликдан кўксимиз тоғ қадар кўтарилди. Гап пулда эмас, лекин  ушбу Фармон мазмун-моҳиятида олам-олам маъно бор, ёш авлодга ибрат, сабоқ бор.

Дарҳақиқат, суронли йилларда юртимизнинг асл мард йигитлари қўлларига қурол олиб, ҳаёт-момот жангларида қатнашган бўлсалар, кексалар, аёллар, болалар фронт ортини мустаҳкамлашда матонат кўрсатдилар. Уруш йилларида ота-онасидан жудо бўлган етим болаларнинг 200 минг нафарини халқимиз ўз бағрига олди. Мамлакатимиз  фронтга 2100 та самолёт,  17 мингта самолёт моторлари, 17 минг 100 та миномёт, 27 мингта  артиллерия  ускуналари қисмлари, 22 миллион дона мина ва бошқа кўплаб қурол-яроғлар, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарурий маҳсулотлар етказиб берди.

—Ҳар сафар уруш  хотираларини ёдга олар эканман, кўз ўнгимда  бугунги дориломон кунларни интизорликда  кутган оналарнинг, гулгун ва фаровон ҳаётимиз учун жонини фидо қилган, қон кечган сафдошларимизнинг жасорати намоён бўлади, —дейди Абдужалил ота кўзларига ёш олиб.

Қалбини қонли уруш жароҳатлаган отахоннинг бу сўзларини тинчликдек олий неъматнинг қадрига етган ҳар бир инсон чин дилидан ҳис этиб турса, ажабмас. Чунки бу уруш инсоният бошига озмунча қайғу ва аламларни солдими?..

Бекпўлат ТОҒАЕВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар