Телефонлар:
(0372) 353-14-44
(0372) 353-10-57
» » “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” байрами муносабати билан туман ҳокими Асилбек Рахмонович Ашуровнинг ТАБРИК СЎЗИ

“9 май – Хотира ва қадрлаш куни” байрами муносабати билан туман ҳокими Асилбек Рахмонович Ашуровнинг ТАБРИК СЎЗИ

09 май 2022 йил
49
0

 Ассалому алайкум, пиру бадавлат отахонлар ва муҳтарама онахонлар!

Азиз фахрийларимиз!

 

Юртимизда, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 77 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Мана шу қутлуғ сана – эришилган Буюк ғалабанинг
77 йиллиги муносабати билан, авваламбор, сафимизда соғ-омон яшаб келаётган фронт ортида заҳмат чеккан фахрийларимизни, Сизнинг тимсолингизда туманимизнинг барча отахону онахонларини чин қалбимдан табриклайман!

Фашизм инсоният бошига мислсиз кулфатлар ёғдирди. Бу мудҳиш воқеа инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлгани ҳеч қачон унутилмайди.

Миллионлаб инсонлар қурбон бўлган, ўнлаб ўлкаларга вайронагарчиликлар келтирган фашизм устидан қозонилган ғалабада ўзбекистонликларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.

Бешафқат урушда салкам 1,5 миллион ўзбекистонликлар иштирок этган бўлса, ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жангу жадалларда қатнашди.

 

 

 

Ҳурмат тадбир иштирокчилари.

Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар шўро сиёсатининг бегуноҳ қурбонлари сифатида эсланади, умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади.

Шунингдек, кўплаб ўзбек ўғлонларининг умрига зомин бўлган Афғон уруши (1979-1989 йиллар) совуқ урушнинг бир қисми сифатида тилга олинади. Маълумотларга кўра, жангларда бизнинг республикамиздан Афғонистонга 65 минг нафарга яқин киши чақирилган, жангчиларнинг 1500 нафари ҳалок бўлган, 2,5 мингга яқини оғир тан жароҳатларини олганлар. Бугунги кунда туманимизда 64 нафар фуқароларимиз Афғон урушидан қайтиб орамизда Давлатимизнинг гуллаб яшнаши учун меҳнат қилиб келмоқдалар.

1986 йилнинг 26 апрел куни юз берган Чернобил фожеаси ядровий қувватдан фойдаланиш бошланганидан буён рўй берган энг ҳалокатли ҳодиса сифатида эсда қолди.

Ядровий ҳалокат оқибатларини бартараф этишга бутун СССРдан, жумладан, Ўзбекистондан ҳам кўплаб одамлар сафарбар этилиб, уларнинг аксарияти ҳарбий хизматни ўтаб қайтганлар бўлган.

Бугунки кунда туманимизда, Чернобил оқибатларини бартараф этишда қатнашган 10 нафар фуқароларимиз яшаб истиқимот қилмоқдалар.

 

Қадрли отахон ва онахонлар!

Юртдошларимиз нафақат жанг майдонларида, балки фронт ортида ҳам қаҳрамонликлар кўрсатди, ўз жасоратларини, матонатларини бутун дунёга намоён этди.

Халқимиз уруш олови етиб келган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган оилалар ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўргани ҳозир ҳам ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилгани йўқ, албатта.

Ҳурматли дўстлар!

Бундай эътибор ва эҳтиром замирида биз яшаётган мана шу муқаддас юртдаги тинчлик ва хотиржамлик мужассам.

Кундан-кун чирой очиб бораётган юртимизнинг барча гўшаларида олиб борилаётган кенг кўламли юксалишлар барқарор тинчлигимиз туфайли эканини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Тинчликни асраб-аввайлаш эса ҳар биримизнинг Ватан олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Ҳар бир осойишта ўтаётган кунимизни таъминлаган ва таъминлаётганларнинг қадрига етишимиз, тинчлик учун жонларини фидо қилган юртдошларимизни хотирлашимиз биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам фахрийларимизни, бутун халқимизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклайман.

Сиз азизларга, узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар