Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Муаммонинг ечими – қайта тикланувчи энергия

Муаммонинг ечими – қайта тикланувчи энергия

07 февраль 2023 йил
120
0

Ҳозир газ ва электр энергияси таъминоти куннинг долзарб мавзусига айланган. Узилиш ва чекловлар жорий этиляпти.

Очиқ айтиш керак, мамлакатимизда энергия соҳасида муаммолар мавжуд ва уни қисқа муддатда ҳал этишнинг имкони йўқ.

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам бу масалага алоҳида тўхталиб ўтди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам муқобил энергияни ривожлантириш, барча ҳудуд ва тармоқларда кенг оммалаштиришни талаб этади.
Ўзбекистон энергетика сектори яшил иқтисодиётга ўтишда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш асосий роль ўйнайди.
Экспертлар хулосасига кўра, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларининг салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентига тенг, техник имкониятлари эса 179 миллион тонна нефть эквивалентини ташкил этади. Бу мамлакат бўйича йилига қазиб олинадиган бирламчи энергетика захираларининг ҳозирги ҳажмидан 2,5 баробар кўп кўрсаткичдир.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш 447 миллион тонна углерод оксиди, олингугурт бирикмалари, азот оксидлари ва бошқа ифлослантирувчи моддалар атмосферага ташланишининг олдини олар экан.
Юртимиз равнақини белгилаб берувчи тараққиёт стратегиясида ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш асосий устувор вазифа, деб белгиланган. 2019 – 2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси бу борада қатор вазифаларни ўз ичига олади.
Бироқ, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида қулай ташкилий, илмий, иқтисодий ва географик имкониятлар бўла туриб, миллий иқтисодиётнинг энергия сиғими юқорилигича қолмоқда, қайта тикланувчи энергия манбаларини саноат ишлаб чиқаришига жалб этиш ҳисобига ёқилғи-энергетика балансини диверсификациялаш даражаси жаҳон тенденциясига жавоб бермайди.
Бугунги кунда мамлакатда соҳани ривожлантириш, асосан, чет эл инвестицияси ҳисобига қайта тикланувчи энергия манбаларининг катта ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш орқали амалга оширилмоқда. Бироқ кўп сонли аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларида кичик қувватли қурилмалардан фойдаланиш ва энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ишларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмади. Шу сабабли мамлакатимизда соҳа ривожи бошқа давлатлар кўрсаткичидан анча паст даржада қолаётир.
Президентимизнинг 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳага энергия тежовчи технологияларни, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кичик қувватларда “яшил энергия” ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фармонда қайта тикланувчи энергия манбалари орқали электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш ҳамда маъмурий-маиший бино ва иншоотларда энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўналишлари белгилаб берилмоқда. Бунда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари харид қилишини молиявий рағбатлантириш, шу жумладан, аҳоли даҳалари ва хонадонларида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш чораларини қўллаб-қувватлаш, микрогидроэлектр станцияларини қуришга доир бизнес лойиҳаларнинг жозибадорлигини ошириш шулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоиз, гарчи қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилиш ва ўрнатиш дастлаб катта маблағ талаб этсада, улар кейинчалик иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди. Шу сабабли фармон билан жисмоний шахсларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳисобига сотиб олиш имкониятлари берилмоқда. Шунингдек, уларни тўлиқ нархда сотиб олган ва ўрнатган фуқароларга харид харажатларининг бир қисми белгиланган тартибда компенсация қилиниши ҳам назарда тутилган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Айни пайтда юртимизда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқарувчи 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб боради. Ҳужжат билан ушбу тадбиркорлик субъектларига ҳам солиқ ва мол-мулк имтиёзлари берилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, 2022 – 2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий, тижорат ва маъмурий-маиший бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш дастурлари мамлакатимизда ташқи ҳамда ички таъсирга барқарор миллий энергетика тизимини яратиш имконини туғдиради.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар