Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Президент ташаббуси амалда: Тошкентдан Зоминга 32 дақиқада етиб борилади

Президент ташаббуси амалда: Тошкентдан Зоминга 32 дақиқада етиб борилади

11 сентябрь 2023 йил
125
0

Жиззах вилояти Зомин туманида қурилган янги аэропортда жорий йилнинг 7 сентябридан бошлаб мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Жиззах вилояти бўлими томонидан янги аэропорт билан танишиш мақсадида ташкил этилган пресс-турда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди. 

Тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 январдаги “Маҳаллий авиақатновлар ва ички туризмни, минтақавий авиаташувларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 февралдаги 100-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қарори доирасида мамлакатимизда, жумладан Жиззах вилоятида ҳам транспорт тизимини тубдан такомиллаштириш, хусусан, аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш, фуқаро авиацияси ташкилотлари томонидан йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди. 
Зомин тумани “Лайлак уя” массиви ҳудудида бунёд этилган “Зомин” аэропортида 30 ўринга мўлжалланган йўловчи терминали қурилган. Ёзнинг иссиқ ҳавоси, қишнинг совуғи, баҳор ва куз фаслларидаги иқлим ўзгаришлари инобатга олиниб зарур қулайликлар яратилгани таҳсинга лойиқ. 
Жорий йилнинг 7 сентябридан бошлаб “Uzbekistan Airways” янги маҳаллий йўналиш: HY-1001/1002 қатновлари ҳар куни “Тошкент – Зомин – Самарқанд” ва “Самарқанд – Зомин – Тошкент” йўналишларида амалга оширилмоқда. 

– Туманимизда ички туризмни ривожлантириш, йўловчиларга арзон нархларда авиаташув хизматлари кўрсатиш ва авиакомпаниялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида резидент авиакомпанияларига ички туризм йўналишларидаги авиақатновлар учун авиачипта нархининг 25 фоизи миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратиш тизими жорий этилди, – дейди “Зомин” аэропорти раҳбари Турсунали Усмонқулов. – Тошкентдан Зомингача ва Самарқанддан Зомингача бўлган масофа учун 1 нафар йўловчи авиачиптасининг нархи 105 минг сўмдан бошланади. Зоминдан Тошкентгача ва Зоминдан Самарқандгача бўлган авиачипта нархи эса 78 минг сўмни ташкил этади. 
Эътиборлиси, ушбу ҳар икки томон йўналиши учун чипталарни “www.uzairways.com” расмий сайтида, “UzAirways” иловаси орқали, шунингдек, “Uzbekistan Airways Sales” филиалида бемалол харид қилиш мумкин. 

Дарвоқе, Чехия давлатидан харид қилинган янги русумдаги “LET L-410” русумли самолёт кўтарилиши учун узун йўлак бўлиши шарт эмас экан. Ушбу ҳаво кемаси 500-600 метр масофадан бемалол парвозга кўтарилиш имкониятига эга. Лекин, шунга қарамай аэропортнинг 1,2 километр масофали қўниш ва учиш йўлагига ойнадек равон қилиб асфальт ётқизилган. 
Пойтахтдан Зоминга парвоз қилувчи ушбу “LET L-410” русумли самолётда 19 нафар йўловчи ўриндиғи мавжуд.Ушбу ҳаво кемаси 1500 километр масофагача уча олиши мумкинлиги таъкидланди. Айни дамда “Зомин” аэропортида “Uzbekistan Airways”нинг иккита “LET L-410” русумдаги самолёт аҳолига хизмат кўрсатмоқда. 

– Бир неча соат муқаддам мазкур ҳаво лайнерида Тошкентдан Зомингача 32 дақиқада келиб қўндик. Бир пасда, яъни бироз нафас ростлаганимга кетган вақтда кўзлаган манзилда бўлдим. Таксида келганимда уч – уч ярим соат вақтим кетарди. Авиачипта нархи ҳам қиммат эмас, Тошкентдан Зомингача 105 минг сўм экан. Фуқароларга яратилаётган бундай қулайликлар учун ҳукуматимизга беҳисоб миннатдорлик билдирсак ҳам кам, – дейди зоминлик йўловчи Санжар Баҳриддинов. 

– Тошкент давлат иқтисодиёт университети сиртқи бўлими талабасиман, Зоминдаги “Логистика маркази”да туризм йўналиши бўйича ишлайман. Авиачипта нархи Зоминдан Тошкентгача 78 минг сўмни ташкил этар экан. Бу деярли Зоминдан пойтахтга қатнайдиган таксилар нархи билан тенг дегани. Бундай ғамхўрлик нафақат талабалар учун балки, фуқаролар ва айниқса, ички ва ташқи сайёҳларнинг Зоминга келишини янада ошишига ҳам хизмат қилиши шубҳасиз, – дейди айнан шу рейс билан Тошкентга парвоз қилиш арафасида турган йўловчи Жаҳонгир Умиров. 

Аэропорт мутасаддиларининг маълумотига кўра, “Зомин” аэропорти фаолиятини бошлаши билан барча мутахассис, техник ва хўжалик ходимларини қўшиб ҳисоблаганда 30 нафарга яқин киши доимий иш ўрни билан таъминланган. Келгусида аэропорт фаолиятини кенгайтириш ҳисобида яна 25 янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. 

Аэропорт ҳудудида амалга оширилаётган қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда. 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар