Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Журналистлар фаолиятига тўсқинлик ёки аралашганлик учун жавобгарлик белгиланади

Журналистлар фаолиятига тўсқинлик ёки аралашганлик учун жавобгарлик белгиланади

21 октябрь 2022 йил
175
0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари ҳамда сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, тезкор, ҳаққоний ва объектив маълумот олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Демократия давлатнинг ОАВга бўлган эътибори билан ҳам ўлчанади. Конституциявий қонун лойиҳасига кўра, 67-моддага ОАВ ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Бу борада парламент қуйи палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Умид Жабборов қуйидагиларни сўзлаб берди: 

— Дунё тажрибасига кўра, сўз ва матбуот эркинлигини таъминламай туриб, иқтисодий ривожланиш ва фаровонликка эришиб бўлмайди. Агар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси 67-моддасига бугунги замон нигоҳи билан эътибор берилса, оммавий ахборот воситаларининг ҳамда журналистларнинг касбий фаолиятини кафолатлаш масаласида нисбатан бўшлиқлар вужудга келгани кўринади. Масаланинг моҳиятини эса Ўзбекистон жаҳон «Матбуот эркинлиги» рейтингидаги ўрнини асталик билан бўлса-да, яхшилаб бораётган сўнгги даврда мавзу жамоатчилик ўртасида бот-бот муҳокама бўлаётганидан сезиш мумкин. 

Ахборот соҳадаги ҳар қандай қонунчилик ташаббуси муқим қоидаларга асосланган бўлиши шарт. Айниқса, демократик қонунчиликнинг назариёти «ОАВ–журналист–жамоатчилик» ҳуқуқий занжирига, амалиёти эса уларни тенг шароитларда қўллаб-қувватлаш ғоясига ҳамоҳанг бўлиши керак. 

Охирги бир неча ўн йилликлар Ўзбекистоннинг ахборот сиёсати учун ўзига хос ўзгаришлар даври бўлди. 1991 йилдан 2002 йилгача соҳага тегишли бўлган 5 та яхлит қонун қабул қилинган бўлиб, кейинги даврда қонунчилик босқичма-босқич такомиллашиб келмоқда. 

Таҳлиллар Ўзбекистонда сўнгги 6 йил ичида ОАВ сонининг 30 фоизга ошганини, интернет нашрлари эса 2 баробарга кўпайганини кўрсатмоқда. Бугун хусусий медиа ҳиссаси салмоқли экани, уларда муаммолар дадил кўтариб чиқилаётгани ҳеч кимга сир эмас. 

Тўғри, шу давргача яратилган соҳавий қонунларимизда бир қатор кафолатлар ҳам акс этган. Юқоридаги фактлар ҳам шуни хулосалаб турибди. Аммо, бугунги ҳушёр жамият ва қатъиятли давлат бошқарувини танқидга, қарама-қарши фикрларга тоқатли бўлишга ўргатадиган, сўз эркинлиги учун холис хизмат қиладиган ахборот воситалари ҳамда унда ишловчи журналистлар учун биринчи навбатда конституциявий кафолатлар жуда муҳим. Шунинг учун ҳам Конституциянинг 67-моддаси тўлиқ янги таҳрирда таклиф этилмоқда. 

Жумладан, моддада «Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди», деган кенгроқ норма ифода этиляпти. 

Дарҳақиқат, сўз эркинлиги ҳуқуқи ва давлатнинг очиқлик сиёсати ўзаро боғлиқ бўлиб, ҳеч қачон қотиб қолмайди. Ривожланса, давлатга ҳам, жамиятга ҳам, мамлакат имижига ҳам бирдек фойда. Таклиф этилаётган янги таҳрирдаги модда айнан шундай муҳит учун кафолатлар ярата олади. 

Янгиланаётган дунё давлатчилиги амалиётида халқнинг ўз бошқарувига бўлган муносабати замирида у ерда ўрнатилган ахборот сиёсатига пропорционал муносабатини ҳам ифода этади. 

Ана шу жиҳатларга мос тарзда Конституциянинг 67-моддаси мустақил иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда. Яъни: «Оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.»

Бу нафақат медиа вакиллари учун эркин касбий ривожланиш имконини беради, балки, давлат мансабдорлари ҳам очиқлик сиёсатига кўникишини тезлаштиради. Чунки ОАВ ва журналист фаолиятига тўсқинлик ёки ноқонуний аралашиш тегишли жавобгарликка олиб келиши муқаррарлиги таъминланиб, барча қонунчилик Конституция қоидаларига мос такомиллаштирилади. Мақсад аниқ – журналист ва оммавий ахборот воситаси холислик йўлида бемалол ишласин. Конституцияга таклиф этилаётган янги нормалар бунга ҳуқуқий кафолат бўлиши шубҳасиз, — дейди депутат Умид Жабборов. 
 

Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар