Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллик байрамига Брифинг

Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллик байрамига Брифинг

06 декабрь 2022 йил
235
0

 Ассалому алайкум, азиз дўстлар!

Бугунги тантанали йиғилишимизнинг қадрли қатнашчилари!

 

Ҳур диёримиз халқи Асосий қонунимиз - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллик байрамини ҳар қачонгидан кўтаринки руҳда хуш кайфият билан  нишонламокдалар.

Аввало, сиз, азизларни қутлуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Муҳтарам дўстлар!

Бундан 30 йил олдин, 1992 йил 8-декабрда мамлакатимиз ҳаётида тарихий воқеа содир бўлди.

Ўша куни она юртимизнинг Биринчи  Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари  орасида биринчилардан бўлиб 6 бўлим 26 боб 128 моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг  конституцияси  қабул қилинди.

Ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Айнан Конституциямизга таяниб, бундан беш йил олдин мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди.

Конституциямизда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш ғоясига содиқ қолиб, шу йўлда кенг кўламли улкан ишлар амалга оширилди.

Аввало, «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, халқ билан доимий мулоқот қилиш фаолиятимиз мезони этиб белгиланди, давлат идоралари раҳбарлари фуқаролар олдида ҳисобот берадиган самарали тизим йўлга қўйилди.

Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча мансабдор шахслар қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этмоқда.

Муҳим қарор ва қонунлар лойиҳаларини, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, давлат харидлари масалаларини муҳокама қилиш жараёнида бугун фуқароларимиз фаол иштирок этмоқда. Шу асосда давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ва жамоат назорати янги босқичга кўтарилмоқда.

Юртдошларимиз учун мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида эмин-эркин яшаш, уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, билим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш, турли давлат хизматларидан фойдаланишга оид кенг имкониятлар яратилмоқда. Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда.

Айниқса, давлат томонидан Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини чет элларда ҳам таъминлаш бўйича бошланган ишлари хорижда яшаётган юртдошларимизнинг Ватанимизга бўлган меҳри ва ишончини оширишга хизмат қилмоқда.

Бундай натижаларга эришишда Конституция ва қонунларимиз талабларидан келиб чиқиб, иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги муаммолар, мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, коррупцияга қарши кураш масалалари кенг жамоатчилигимиз иштирокида ҳал этилаётгани муҳим рол ўйнамоқда.

Мамлакатимизда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари», «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш тизимлари дастлабки ижобий натижасини бераётганини таъкидлаш лозим. Айниқса, муҳтарам фахрийларимиз, хотин-қизлар, ёшлар, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳаллий кенгашлар фаолияти ҳам жонланмоқда. Шу йилнинг ўзида ушбу тузилмалар орқали фуқароларнинг 30 мингдан зиёд муаммолари ижобий ҳал этилгани, ўз вазифасини масъулият билан адо этмаётган раҳбарларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилаётгани ҳам шундан далолат беради.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутадиган суд тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, назорат инстанцияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари ҳам, худди прокурор протести каби, тўғридан-тўғри кўриладиган тартиб ўрнатилди.

Илк бор мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали жорий йилнинг ўзида 7 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди. Иқтисодий ва фуқаролик судларида прокурорнинг иштироки чекланди, жиноят ишларини асоссиз равишда суддан чақириб олиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилди. Хорижий инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш мақсадида Халқаро тижорат арбитражи фаолияти йўлга қўйилди.

Адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда, Олий Мажлис ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсман томонидан ташкил этилган жамоатчилик гуруҳлари ўз вазифасини самарали амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва олижаноблик тамойилларига амал қилган ҳолда, билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга нисбатан афв институти мунтазам қўлланмоқда. Шу борадаги ишларнинг давоми сифатида Конституция куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Фармон қабул қилиниб, унга кўра, шу тоифага мансуб юзлаб шахслар муддатидан олдин озод қилиниб, эркин ҳаётга қайтарилмоқда.

Мамлакатимизда сўз ва виждон эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини жамоатчилик фикрини ифода этадиган «тўртинчи ҳокимият»га айлантириш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Турли миллат ва диний конфессиялар вакилларининг ўз тили, урф-одат ва анъаналарини ривожлантиришлари учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда.

Айни вақтда биз Конституциямиз нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тасаввур қиламиз.

Мамлакатимизни 2017 — 2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган давр мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари қабул қилинди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудудларни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди.

Фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Сўнгги беш йиллик ислоҳотларнинг натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.

Жаҳон миқиёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамоили асосида ҳалқимизнинг фаравонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таьминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳатларнинг устивор йўналишларини белгилаш мақсадида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 28 январда еттита устивор йўналишлардан иборат “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” ПФ-60-сонли Фармони қабул қилинди.

Олдимизда турган вазифаларни амалга ошириш учун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида кенг кўламли ислоҳотларимиз изчил давом эттирилмоқда.

Аввало, Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга жорий этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиб, демократик янгиланишларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Парламент ва маҳаллий кенгашлар ваколатларини янада кенгайтириш, ижро органлари устидан вакиллик назоратини кучайтириш, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ҳудудларни ривожлантиришда маҳаллий кенгашлар ролини ошириш, фуқаролик жамияти институтларининг самарали фаолияти учун зарур шароитлар яратишга эътибор қаратилмоқда.

Маъмурий ислоҳотлар дастурини амалга ошириш борасида давлат органларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш, ихчам бошқарув аппаратини шакллантириш ва иш юритишни рақамлаштиришга алоҳида аҳамият қаратилаяпти.

Тараққиёт кушандаси бўлган коррупцияга қарши курашиш, жамиятда унинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилмоқда. Бу борада давлат идоралари билан бирга, кенг жамоатчилик, айниқса, фуқаролик жамияти институтларининг куч ва салоҳиятидан самарали фойдаланишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Мухтарам дўстлар, қадрли қатнашчилар!

Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топаётган, адолатли ва халқпарвар давлат барпо этишда муҳим аҳамият касб этадиган вазифаларни амалга ошириш учун, аввало, янги конституциявий макон ҳамда янада мустаҳкам қонунчилик базаси керак бўлади, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз. Шу маънода, Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳалқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси сифатида демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг эркин ва обод турмушини таьминлаш, мамлакатнинг ҳалқаро майдондаги обрў-эьтиборини юксалтириш ҳамда барча соҳаларда ислоҳатларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб ҳизмат қилмоқда.

Юртимиз тараққиётининг янги босқичида халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун ишончли кафолат бўлган Бош қомусимизни бугунги давр талабларига мос ҳолда, энг муҳими, фуқароларимиз хоҳиш-иродаси ва фикри ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади бўлган «Инсон — жамият — давлат» тамойили асосида ҳақиқий халқ Конституциясига айлантириш ишлари изчил амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан, шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 8 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини таьсис этиш тўғрисида ПФ-243-сонли Фармони қабул қилинди.

1.Фармонга кўра «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони таъсис этилди.

  1. Белгиландики:

«Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини ошириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қадр-қиммати улуғланадиган адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар тақдирланади;

Ўйлайманки, бундай юксак шарафга туманимиздаги соҳа вакиллари, меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда бошқа шахслар ҳам муносиб деб топилган.

Азиз ва қадрли дўстлар!

Мана шу улуғ айём кунида халқимизнинг дилидаги бир фикрни яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар энди ҳеч қачон ортга қайтмайди.

Янги Ўзбекистон ғояси эл-юртимизнинг улкан интилиш ва иродаси билан умумхалқ ҳаракатига айланмоқда. Барчамиз ана шу улуғ мақсад йўлида янада жипслашиб, ғайрат-шижоат ва масъулият билан фидокорона меҳнат қилсак, кўзлаган юксак марраларимизга албатта етамиз.

Жонажон Ўзбекистонимиз доимо гуллаб-яшнасин!

Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

Сиз, азизларни Конституциямиз қабул қилинганлигининг 30 йиллиги  байрами билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файз-у барака тилайман.

 

         Эьтиборларингиз учун Рахмат.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар