Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » ЯНГИЛАНИШ ВА ЯШАРИШ АЙЁМИ

ЯНГИЛАНИШ ВА ЯШАРИШ АЙЁМИ

15 март 2023 йил
197
0

 Туманимиз марказида эрта тонгдан карнай-сурнай садолари янграб, эл-улусни байрам шодиёналарига чорлади.

Ҳар галгидек жорий йилда ҳам Наврўз байрамига бағишланган тадбир мавжуд маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари томонидан азалий урф-одатларимизга мувофиқ дастурхон безатиш билан бошланди. Дастурхонга тортилган баҳорий таомлар, ширмой кулчалар-у патирлар, ҳалим ва  сумалак каби турли-туман шоҳона неъматлари билан  аждодлар анъанасига нисбатан қалбларда сурур, дилларда ғурур ҳисларини жунбушга келтирган тадбир бетакрор гўзалликни ўз либосларида жам этган келинчакларнинг саломлари билан янада қизиқарли тус олди.

 “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним” бош ғояси остида ташкил этилган умумхалқ сайлида сўз олган туман ҳокими Асилбек Рахмонович Ашуров байрам қатнашчиларининг барчасини ва улар тимсолида туманимиз аҳлини янгиланиш ва яшариш айёми-Наврўз байрами билан қизғин муборакбод этди.

– Минг йиллар олдин ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай баланд кайфият билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда, - деди туман ҳокими.

-Юртимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва инсон қадрини улуғлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришлар Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналари билан мувофиқ тарзда кечаётгани бугунги ободликда, фаровонликда ўз аксини топмоқда.

Шундан сўнг бадиий ҳаваскорлик жамоалари, фольклор-этнографик ансамбллар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг чиқишлари, шунингдек, пойтахтдан ташриф буюрган эл ардоғидаги санъаткор Ҳосила Раҳимова ҳамда ёшлар томонидан ижро этилган халқ оғзаки ижоди термаларидан намуналар, она-Ватанни, тинчликни, обод ва озод юртимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага қувонч улашди.

 

Бир неча миллат вакиллари истиқомат қилаётган туман аҳолиси бағрикенглиги, меҳмондўстлиги билан ҳам эътиборлидир. Айни дамда  миллатлараро дўстлик, ҳамжиҳатликни Наврўз тантаналарида ҳам яққол кўриш мумкин. Тадбирда турли миллат вакиллари ўз миллий таомлари билан биргаликда сумалак, кўк сомса каби ўзбек таомларини тайёрлашни ҳам пухта ўзлаштиришиб олишганини гувоҳи бўлдик.

Байрам тадбирида сумалак сайиллари, миллий кураш ва арқон тортиш, лапар ва айтишувлар каби миллий қадриятларимиз намуналарига ҳам кенг ўрин берилди. Ушбу мусобақаларда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ихтиёрий иштирокчилар ҳам қатнашдилар. Байрам кўтаринки руҳда ўтди. Кексалар тўкин дастурхон атрофида ўтириб, юртимиз тинчлиги, фарзандларимиз омонлиги, деҳқончилигимиз баракаси учун дуога қўл очдилар.

 

 


 

 


 

 

 

 

М.ТЎХТАШЕВА.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар