Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Пахтакор тумани ҳокими Асилбек Рахманович Ашуровнинг байрам ТАБРИГИ

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Пахтакор тумани ҳокими Асилбек Рахманович Ашуровнинг байрам ТАБРИГИ

15 март 2023 йил
165
0

  Ассалому алайкум, 

Азиз меҳмонлар, қадрли ҳамюртлар!

 

Аввало сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда барча халқимизни энг ардоқли ва энг севимли байрам - Наврўз айёми билан чин дилдан қутлайман.

Ҳаммамиз орзиқиб ва соғиниб кутадиган янгиланиш ва яшариш айёми - Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари.

 

Наврўзи оламнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган яхшилик ва бағрикенглик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, атроф-муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш каби олижаноб ғоялар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларнинг мақсад ва мазмунига тўла ҳамоҳангдир. Халқимизнинг кўп асрлик эзгу қадриятларини, унинг орзу-интилишларини ўзида мужассам этган ушбу қутлуғ айём мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатларга мансуб барча ватандошларимиз учун умумхалқ байрамига айланиб, янада теран мазмун ва аҳамият касб этиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Юртимизда асрлар давомида эъзозланиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарафидан халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўзи оламнинг ана шундай беқиёс аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда ушбу айёмни мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда, «Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳ ва юксак савияда  ўтказилмоқда.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари.

 

Маълумки, Наврўз - чинакам халқ байрами, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир.

Минг йиллар олдин ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай баланд кайфият билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда.

Юртимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва инсон қадрини улуғлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришлар Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналари билан мувофиқ тарзда кечаётгани бугунги ободликда, фаровонликда ўз аксини топмоқда.

Шундай шукуҳли ва бетакрор дамларда барчамиз тинч ва осойишта ҳаёт ҳамда хотиржамлик қадрини янада теранроқ ҳис этмоқдамиз.

Бугунгидек файзли кунларда улкан ният ва янги режалар билан қадрдон даласи сари йўл олаётган азму шижоатли бободеҳқонларимизни янги меҳнат мавсуми билан самимий қутлаб, жорий йилда ҳам далаларда ҳосилларимиз мўл ва баракали, ризқу насибамиз янада зиёда бўлсин, деб эзгу тилаклар билдирамиз.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари.

 

Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси биз бугун бунёд этаётган янги Ўзбекистон ғояси билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.

Зеро, ҳозирги кунда жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, дўстлик ва биродарлик туйғуларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодимиз қалби ва онгида Ватанимизнинг бугуни ва келажагига дахлдорлик туйғусини кучайтиришда Наврўз байрамининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Юртимизда аҳолининг барча қатламлари, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни билим ва касб-ҳунарга ўргатиш, иш ўринлари, даромад манбаи, турар-жойлар билан таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда. Айниқса, ижтимоий ёрдам ва кўмакка муҳтож, кўнгли ярим инсонларга чинакам эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш доимий фаолиятимиз мезонига айланмоқда.

Бу борадаги ишларимиз “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да мазмун ва сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилади.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари.

 

 Қадимий ва гўзал байрамимиз-Наврўзи олам билан барчангизни яна бир бор чин дилдан табриклайман.

Шарқона Янги йилимиз ҳар бир хонадонга, жонажон Ўзбекистонимизга тинчлик - хотиржамлик, соғлик - омонлик, бахту саодат ҳамда файзу барака олиб келсин.

Улуғвор мақсадларимиз, яхши ният ва улкан режаларимиз рўёбга чиқсин.

Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!

 

                                           Наврўз байрамингиз муборак бўлсин!

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар