Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Тадбиркорларга янги қулайликлар яратувчи муҳим ҳужжат қабул қилинди

Тадбиркорларга янги қулайликлар яратувчи муҳим ҳужжат қабул қилинди

25 ноябрь 2022 йил
228
0

Мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Президент Фармони ҳам мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фармон билан тадбиркорлик субъектлари томонидан янги маҳсулот ва хизматларни жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали улар учун тартибга солиш юкини камайтириш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш, айрим фаолият турларини лицензия ва рухсат этиш тартиб-таомилларидан ўтмасдан амалга ошириш белгиланди.

Хусусан, Фармон билан:

  1. 2023 йил 1 январдан бошлаб замонавий технологиялар ва янги хизмат турларини жорий қилиш учун қулай муҳит яратиш мақсадида 5 та (электрон тижорат, транспорт ва логистика, саноат ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш) соҳада “Тартибга солиш қумдони” (Regulatory Sandbox) махсус ҳуқуқий режими жорий этилади.

“Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими доирасида тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларга рухсат берилади:

а) янги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш, апробация қилиш ва жорий қилиш йўналишларидаги фаолиятини чекланган вақт, ҳудуд ва шахслар доирасида махсус тартибга солиш орқали айрим қонунчилик ҳужжатлари нормаларига амал қилмаслик;

б) лицензия ва рухсат этиш тартиб-таомилларидан ўтмасдан фаолиятни амалга ошириш (бундан давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган лицензия ва рухсат этиш ҳужжатлари мустасно);

в) “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими тегишли ваколатли орган ва ташаббускор ўртасида ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида тузиладиган келишувга асосан жорий этилади.

Келишувда лойиҳани амалга оширишнинг талаб ва шартлари, муддати, ҳудуди ва шахслар доираси, ташаббускорга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхати ҳамда лойиҳа натижаларини баҳолаш мезонлари (индикаторлари) белгиланади. Ҳар бир лойиҳа бўйича махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати кўпи билан уч йилни ташкил этади;

г) “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими якунлари бўйича тегишли ваколатли орган томонидан бир ой муддатда:

синовдан ўтказилган маҳсулот ва хизматларни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан таҳлил ўтказилади;

маҳсулот ва хизматларни жорий этиш мақсадга мувофиқ деб топилганда, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

  1. Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш воситалари тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фақат норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида жорий этилади.

Фармонга мувофиқ норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат ҳисобланмаган ҳужжатларда белгиланган тартибга солиш воситалари тадбиркорлар учун ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

  1. Тадбиркорлик субъектларига қулайик яратиш, ортиқча бюрократик талабларни қисқартириш белгиланди.

а) Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан қуйидагилар бекор қилинади:

тадбиркорлик субъекти томонидан устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларини ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида эълон бериш;

янги импорт автомобилларини фақат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан сотилиши;

амалдаги қонунчилик ҳужжатида белгиланган, электр энергиясини шартномада белгиланган ойлик ҳажмлардан ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш;

якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни
Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали давлат солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш.

б) 2023 йил 1 мартдан бошлаб:

солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади;

ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўзларининг тижорий хизматларини кўрсатишга рухсат берилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан бир шартнома суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилишига йўл қўйилмайди;

вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 500 баравари ва ундан юқори миқдордаги товарлар (ишлар, хизматлар)нинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.

Шунингдек, Фармон билан тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайлик яратиш ҳамда соҳадаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Чора-тадбирлар режасига мувофиқ 2023 йилда яна 20 дан ортиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилади.

Пахтакор туман адлия бўлими бошлиғи Хосилмурод Кушматов

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар