Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » 25 июнь куни Жиззах шаҳрида ҳам Янги нафас халқаро оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади

25 июнь куни Жиззах шаҳрида ҳам Янги нафас халқаро оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади

16 июнь 2023 йил
116
0

13 июнь куни Енгил атлетика федерациясининг анжуманлар залида, ОАВ вакиллари иштирокида, 25 июнь куни республиканинг 16 та шаҳрида Ёшлар куни муносабати билан ўтказиладиган Янги нафас халқаро оммавий югуриш мусобақаси ва Ватан қалқони ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақасига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Шунингдек, Халқаро Олимпия кунини (Olympic Day) нишонлаш муносабати билан бир миляга тенг рамзий масофага оммавий югуришлар ташкил этилади.

Спорт ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов, Енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзамуҳамедов ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев иштирокида журналистлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Халқаро оммавий югуриш мусобақасининг ташкилотчилари сифатида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Миллий олимпия қўмитаси иштирок этди. Тадбирнинг техник ва ташкилий жиҳатдан тайёргарлик ишлари Ўзбекистон Республикаси Енгил атлетика федерациясига юкланган. Бош ҳамкор – «Ўзбекнефтгаз» АЖ.

Бу йили Янги нафас оммавий югуриш мусобақаси бутунлай янги форматда ўтказилмоқда: Тошкентда ўтказиладиган спорт тадбирининг иштирокчилари учун танлов асосида 3 та масофа тақдим этилади: 1 миля (1609 м), 3 км, 10 км, Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд ва Нукусда – 1 миля ва 3 км. Андижон, Нурафшон, Гулистон, Жиззах, Термиз, Навоий, Қоровулбозор, Қарши, Ғузор, Урганчда югурувчилар 3 км масофада мусобақалашади.

Республиканинг 16 та шаҳри “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” умумий ягона шиори остида бирлашади.

«Мамлакат аҳолиси орасида югуриш спортини оммалаштириш ва миллий саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббус сифатида бошланган Янги нафас спорт ҳаракати, ушбу йили халқаро ҳаракат мақомига эга бўлди, деб таъкидлади Андрей Абдувалиев, Енгил атлетика федерацияси раисининг ўринбосари ва Марказий Осиё енгил атлетика федерациялари ассоциацияси раиси. — Бўлажак оммавий югуриш мусобақасига Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистондан ёш спортчилар ва югуриш клубларининг аъзолари қўшилиб, спорт ва ёшлар байрамини биз билан баҳам кўришади».

Халқаро Олимпия кунини нишонлаш бўйича Халқаро Олимпия қўмитасининг ушбу йилдаги мурожаати ҳам оммавий югуриш мавзусига яқин бўлиб, кундалик жисмоний фаолиятни рағбатлантирган ҳолда, #LetsMove ҳештеги остида бўлиб ўтмоқда. 25 июнь куни Янги нафас оммавий югуриш мусобақасига Ўзбекистоннинг машҳур спортчилари ва соғлом турмуш тарзи фаоллари, ёшларга таъсир кўрсатадиган ёш фикр етакчилари ҳам қўшилади.

Барча югуриш ҳаваскорлари, ёшидан қатъи назар, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида оммавий югуриш мусобақасида иштирок этишлари мумкин бўлади. Ёш югурувчилар учун рухсат этилган ёш чегараси - 9 ёш. Иштирокчи шаҳарлар учун ягона старт эрталаб соат 6:00 да берилади. Тошкентда 5500 та, Самарқандда 2300 та, қолган 14 та шаҳарда ҳар битта ҳудудда 2000 га яқин одам иштирок этиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг 1 июнидан 21 июнигача Тошкентда мусобақада иштирок этувчи югурувчилар учун Iticket.uz сайтида рўйхатдан ўтиш имконияти тақдим этилади. Енгил атлетика федерацияси таъкидлашича, бундай қадам ҳудудларда оммавий югуриш мусобақалари ва марафонларни ўтказиш барқарорлиги ҳамда мунтазамлигини таъминлаш имкониятини беради.

Иштирок этиш қиймати:

• 1 миля масофага рўйхатдан ўтишда – 75 000 сўм;

• 3 км масофага рўйхатдан ўтишда – 99 000 сўм;

• 10 км масофага рўйхатдан ўтишда –149 000 сўм.

Иштирокчи пакетига қуйидагилар киради: 

• Футболка

• Кепка

• Кўкрак старт рақами

• Тўғноғичлар

Иштирокчиларга старт пакетларининг берилиши 23 июндан 24 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Енгил атлетика федерациясида ташкил этилади.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар