Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Қонуний қайд этилмаган никоҳнинг 5 оқибати

Қонуний қайд этилмаган никоҳнинг 5 оқибати

17 январь 2024 йил
49
0
Қонуний қайд этилмаган никоҳнинг 5 оқибати

Айримлар қонуний қайд этилмаган, масалан, шаръий никоҳ билан турмуш қуриб яшайверади. Натижада бир қатор муаммоларга дуч келишади. Hudud24.uz ноқонуний никоҳ келтириб чиқарадиган оқибатлар билан боғлиқ билиш керак бўлган энг муҳим маълумотларни келтиради.

Ноқонуний никоҳ қандай бўлади?

Оила кодексининг 13-моддасига мувофиқ, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида (ФҲДЁ) тузилса, қонуний ҳисобланади. Демак, ФҲДЁда қайд этилмаган ҳар қандай никоҳ ноқонунийдир. Жумладан, шаръий никоҳдан ўтиб оила бўлиб яшаганда ҳам никоҳ қонуний деб топилмайди. Бундан келиб чиқадики, тўй-маросимларни маромида ўтказиб, мулла никоҳ ўқиб қўйса-ю, келин-куёв “загс”дан ўтмаса, никоҳ ноқонуний бўлади. 

Қуйида қонуний қайд этилмаган никоҳ келтириб чиқарадиган 5 та муҳим оқибат борасида тўхталамиз.

Биринчи оқибат: қонуний бўлмаган никоҳ жавобгарлик келтириб чиқаради

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 473-моддасига асосан никоҳи ФҲДЁ дан ўтмаган келин-куёвларга диний никоҳ ўқилса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқади. Унга кўра, ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жаримага тортилади (ҳозирги кунда 5,1 мингдан 10,2 млн сўмгача).

Агар шу қилмиш бир йил ичида қайта такрорланадиган бўлса, жиноий жавобгарлик ҳам келиб чиқади.

Иккинчи оқибат: ноқонуний никоҳда бўлиб туриб ҳам алимент ундириш мумкин

Оила кодексимизда ота-оналарнинг ўз фарзандлари учун таъминот бериши уларнинг мажбурияти сифатида кўрсатилган. Агар бу мажбурият ихтиёрий равишда бажарилмаса, суд қарори билан алимент ундирилиши мумкин. Алимент ундиришда ота-она қонуний никоҳдан ўтган ёки ўтмаганлиги аҳамиятга эга эмас. Боланинг биологик отаси ёки онаси маълумлиги алимент ундириш учун кифоя. Масалан, боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси (метрика)да “отаси” деган жойига шу эркакнинг исм-шарифи ёзилган бўлса, ундан алимент ундириш мумкин бўлади.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, алимент ундириш тўғрисидаги талаблардан давлат божи ундирилмайди. Суд буйруғи чиққач, у дарҳол ижрога қаратилади. 

Дейлик, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада отанинг исм-шарифи кўрсатилмаган. Ёки эр боланинг отаси эканлигини тан олмаяпти. Бундай ҳолда хотин судга оталикни белгилаш ва алимент ундириш тўғрисида даъво аризаси киритиши мумкин. Бунда суд оталикни аниқлаш бўйича ДНК экспертизасини тайинлайди. Экспертиза натижаси шу эркакни боланинг отаси эканлигини кўрсатса, даъво қаноатлантирилмоғи лозим.

Маълумот ўрнида, бундай экспертизанинг оддий турдагисини ўтказиш учун ҳозирги кунда 1 292 000 сўм олинади. Тўловни экспертиза ўтказишни сўраган томон тўлайди.

Учинчи оқибат: қонуний қайд этилмаган никоҳдан туғилган бола меросхўр бўла олади

Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Бу нима дегани? Никоҳ қонуний қайд этилмаган. Ўртада фарзанд туғилган. Вақтлар ўтиб, эр вафот этди. Агар фарзанд шу вафот этган кишининг боласи эканлиги аён бўлса (масалан, “метрикасида” отаси сифатида кўрсатилса), бу бола меросхўр бўла олади. Бунда у биринчи навбатдаги ворис ҳисобланади. Яъни вафот этган кишининг ота-онаси, бошқа фарзандлари ва қонуний хотини билан тенг миқдорда меросдан улуш эгаллаши мумкин.

!!! Бу ерда эътибор бериш керакки, қонуний қайд этилмаган никоҳдан туғилган бола меросхўр бўла олса ҳам, хотин мерос талаб қила олмайди.

Тўртинчи оқибат: ўртада фақат шаръий никоҳ бўлганда хотин мулкий даъво қила олмайди

Биласизки, Оила кодексимизга мувофиқ, эр-хотин қонуний никоҳ давомида ҳар қандай мол-мулк орттирса, бу уларнинг ўртасидаги умумий мулк ҳисобланади (истиснолар мавжуд). Шунда никоҳдан ажрашганда, ҳаттоки ажрашмай туриб ҳам хотин бу мулклардан ўз улушини талаб қилиши мумкин. Лекин бу қоида фақат никоҳ қонуний тартибда тузилганидагина  амал қилади.

Оила кодексининг 13-моддаси иккинчи қисмида шундай дейилган: “диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас”.  Яъни шаръий никоҳда бўлганда никоҳ қонуний ҳисобланмайди. Шунинг учун эр-хотининг мулкий ҳуқуқларига доир қоидалар ҳам бунга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундан келиб чиқадики, қонуний қайд этилмаган никоҳда хотин на сотиб олинган уйдан улуш талаб қила олади, на меросхўр бўла олади.

Бешинчи оқибат: ноқонуний никоҳда бўлганда ҳам аёл (эркак) уй-жойга киритиб қўйилиши мумкин

Уй-жой кодексининг 32-моддасида бир қоида бор. Унга кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

Мисол учун эрнинг номида уйи бор. У ноқонуний никоҳдаги аёли билан бу уйда 4 йилдан бери доимий яшаб келади. Уйда яшаб туриши учун аёл билан ҳеч қандай шартнома тузилмаган. Шунда бу аёл ёқмай қолиб, эр уни уйидан чиқариб юборишга ҳаққи йўқ. Аёл бундай вазиятда уйга киритиб қўйишни сўраб судга мурожаат қилиши мумкин. Чунки аёл бу эркак билан мазкур уйда доимий яшаб келган. Шу туфайли унда мулкдор, яъни эр билан ушбу уйда яшаш ҳуқуқи вужудга келган.

 

Неъматулло Замонов,

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар