Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судида ҳужжатлар таҳлили  

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судида ҳужжатлар таҳлили  

17 апрель 2024 йил
50
0

 Коррупциянинг олдини олишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили

Бугунги кунимизнинг тинч ва осуда ўтаётганлиги, фаровон турмуш тарзимиз, эришаётган турли соҳалардаги ютуқларимиз, айниқса ёш авлод камолоти йўлида қилинаётган эзгу ишларни ҳар қанча эътироф этсак, арзийди. Албатта, бундай ҳавас қилса арзигулик кунларга етишишнинг ўзи бўлмаётганлиги ва бунинг замирида машаққатли меҳнат ётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Юртимизда фаолият юритаётган ҳар бир соҳага эътибор қаратмайлик, уларнинг ҳар бирида юқори самарадорликка эришаётганлигимиз, бу бунёдкор халқимизнинг ўз Ватанига бўлган меҳр-муҳаббатидан далолат беради. Дарҳақиқат, жамиятимиз равнақи учун астойдил меҳнат қилаётган инсонлар билан фақат фахрланишимиз керак. Лекин айрим кимсалар борки, тўқликка шўхлик қилиб, ўз вазифаларини суиистеъмол қилган ҳолда, тараққий этиб келаётган давлатимиз мулкига раҳна солаётганликлари ачинарли ҳолдир. Ана шундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида барча соҳаларда коррупциянинг олдини олиш ва бартараф қилиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Шу кунгача давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция деган салбий иллатни келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган 30 тага яқин қонун, 100 тага яқин Президент ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Даставвал, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан коррупциявий жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган манзилли ҳаракатларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солиш, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек коррупцияни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидан тўлиқ бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга қаратилиш мустаҳкамланиб ўтилган.

Қонундан кўзланган мақсад коррупцияга қарша кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ҳужжатда “коррупция”, “коррупцион ҳуқуқбузарлик” ва “манфаатлар тўқнашуви” каби тушунчаларга изоҳ берилган. Ҳужжатда коррупцияга қарши курашнинг асосий тамойиллари сифатида қонунийлик; фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги; очиқлик, шаффофлик ва тизимлилик; давлат ва фуқаролик жамиятининг ўзаро ҳамкорлиги; коррупциядан огоҳлантириш ва жавобгарликнинг муқаррарлиги бўйича чоралар устуворлиги келтириб ўтилган.

Қонун коррупцияга қарши кураш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини келтириб ўтади:

аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан тоқатсизликни шакллантириш;

давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциядан огоҳлантириш бўйича чораларни амалга ошириш;

коррупцион ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, улар оқибатлари, сабаблари ва келтириб чиқарган шароитларни бартараф этиш ҳамда коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун муқаррар жазолаш тамойилини тадбиқ этиш.

Ушбу қонун ҳужжатида давлат бошқаруви соҳасида коррупциядан огоҳлантириш бўйича чораларни келтириб ўтади. Жумладан, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, парламент ва жамоатчилик назорати, мансабдор шахслар фаолияти сифатини баҳолаш ҳамда ишга қабул қилиш ва мансаб пиллапояларидан кўтарилишда очиқлик ва холислик тамойили асосида танловли саралашларни олиб бориш тизимларини жорий этиш белгиланган. Давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий мақоми аниқланиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси, моддий таъминоти, ҳар томонлама рағбатлантириш чоралари кўрилади.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга кўра, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини янада ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги вазифаларни ҳал этишда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича бир қанча чора-тадбирлар белгиланган. Фармонга мувофиқ, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар Давлат дастурининг ҳар бир банди бўйича мақсадларга эришиш самарадорлик индикаторларини ишлаб чиқиши белгиланди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг жойлардаги ҳолатини комплекс ўрганиш, коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида ахборот ва ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиб бориш функцияси юклатилган коррупцияга қарши курашиш комиссиялар ташкил этилди.

Давлатимизнинг коррупцияга қарши курашишдаги кейинги қадами бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорни қабул қилинишидан пировард мақсади сифатида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратиш, хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга кўмаклашиш ва натижада ишчанлик фаоллиги ўсишига ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига олиб келиш этиб белгиланди.

Қолаверса, 2021 йил 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ни ПҚ-5177-сон Қарори қабул қилинди.

Мазкур фармонга асосан, юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муроссиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилаётганлиги, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, давлат хокимият органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши назарда тутилган. Шу билан бирга, коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устивор вазифаси этиб белгиланди. Мазкур фармон билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган 6 та ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, яна 8 таси ўз кучини йўқотди.

Фармонда тегишли давлат идоралари ва вазирликлар томонидан қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланди: давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларациялаш; давлат хизматчиларининг манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш; жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш; коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш; даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш; коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш; давлат бошқаруви органларининг назорат соҳасидаги функцияларини мақбуллаштириш назарда тутилди.

Бундан ташқари, давлат бошқарув органлари ходимлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш тартибини жорий этиш бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Ислоҳотларнинг давомийлиги сифатида қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорга асосан, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50%дан юқори ташкилотларда ишга қабул қилиш очиқ танлов асосида амалга оширилди. Шунингдек, ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет орқали реал вақт режимида кузатиш таъминланганлиги йўлга қўйилди.

2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилиши белгиланди. Улар коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш учун масъул ҳисобланиши кўрчатиб ўтилди. Қарорга асосан, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбарлари давлат ташкилотлари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилиниши, уларни лавозимидан озод этиш масаласи Агентлик билан келишилиши кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, 2021 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ЎРҚ-729-сонли Қонуни имзоланди. Мазкур қонунга асосан, Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги 746-ХII-сонли Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунига, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунига, “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси”га, “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги  Қонунига, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунига, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунига, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига, “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига 7, 8, 9, 14, 28-моддаларига  ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, 81-модда – “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари” билан тўлдирилди.

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза тайёрлайди ҳамда уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритади. Коррупцияга оид жиноятларни, биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро обрўсига путур етказадиган коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади, унинг якунлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот беради. Коррупцияга оид жиноятлар туфайли жамият ва давлат манфаатларига етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланишига эришилиши устидан назоратни амалга оширади. Булардан ташқари мазкур қонуннинг 28-моддаси (“Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахсларни ва уларнинг яқин қариндошларини ҳимоя қилиш”) янги таҳрирда баёт этилди. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари давлат ҳимоясида бўлиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар хизмат сирини ташкил этади ҳамда фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва шахснинг ўзининг, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи орган раҳбарининг ёзма рухсати асосида ошкор этилиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилувчи шахсларнинг ҳамда уларнинг яқин қариндошларининг ҳаётига ва соғлиғига ҳақиқий таҳдидни, уларга нисбатан зўрлик ишлатилганлигини, уларнинг мол-мулки йўқ қилинганлигини ёки шикастлантирилганлигини тасдиқловчи етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда, коррупцияга қарши курашишни амалга оширувчи органлар “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ уларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шартлиги белгиланди.

Шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ахборотни хабар қилувчи шахсларнинг ва уларнинг яқин қариндошларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилганлиги сабабли тажовуз қилишга, шунингдек иш берувчи томонидан уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмайди ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларини самарали ечиш устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади”. Юртбошимизнинг юқоридаги фикрларидан келиб чиққан ҳолда ҳар қандай жиноятчилик маълум бир сабаб ва шарт-шароитлар таъсирида вужудга келади. Коррупция ва уни вужудга келтирувчи сабаблар ўртасида икки томонлама алоқа мавжуд. Биринчидан, коррупцияни фақат уни вужудга келтирувчи сабаблар ва шарт-шароитларни ечиш йўли билан камайтириш ҳамда чеклаш мумкин; иккинчидан, бу муаммоларни ечишда коррупцияга қарши барча йўналишларда қатъий ва муросасиз кураш олиб бориш самара беради.

2022 йил 28 май куни Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлис Сенатининг йигирма олтинчи ялпи мажлиси ўтказилиб, унда Сенат аъзолари томонидан “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Бу қонун давлат фуқаролик хизматига номзодларни очиқ, мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаши мажлис иштирокчилари томонидан таъкидланди. Ҳужжат билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда, яъни давлат хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳоланиши қатъий белгиланди.

Хулоса қиладиган бўлса, ҳар қандай ҳолатда ҳам коррупциядан бевосита жамият ва инсонлар азият чекади, зарар кўради. Шунинг учун ушбу муаммо глобал бўлиб, унга қарши кураш энг аввало, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилган ҳисобланади.

Рамзанов Сайфилло Нарзиллоевич,

Жиноят ишлари бўйича

Жиззах шаҳар судининг судьяси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар