Телефонлар:
(0372) 353-10-57
(0372) 353-10-27
» » Пахтакорда муқобил энeргия рeсурсларидан фойдаланиш истиқболлари

Пахтакорда муқобил энeргия рeсурсларидан фойдаланиш истиқболлари

11 март 2023 йил
179
0

 Пахтакор туманида мавжуд корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари ҳамда маҳалла фаолларига қуёш панеллари қулайликлари ҳақида мутахассислар томонидан кенг тушунчалар берилди.

 

Бугунги кунда дунёда энергия манбаларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш долзарб масалалардан ҳисобланади. Табиатда энергия ресурслари қайта тикланмайдиган (нефть, газ, кўмир, кўпгина фойдали қазилмалар), қайта тикланадиган (сув, ҳаво, қуёш нури, ернинг ички энергияси) ва тикланадиган (биологик элементлар, айрим фойдали қазилмалар) бойликларга бўлинади. Ўзбекистонда электр энергия ишлаб чиқариш ИЭСларда – 90 %, Қуёш фотоэлектр станцияларда – 1 %, гидроэлектр станцияларда 9 % ни ташкил этади. Юқоридаги маълумотларга кўра, юртимизда электр энергиясининг 90 % қисми иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилишини кўриш мумкин.

Ўзбекистонда йил давомидаги булутсиз кунлар 250-270 кунни, қуёш нурланиши давомийлиги эса йилига 2850-3050 соатни ташкил қилади. Сўнгги йилларда бу борада жиддий қадамлар қўйилиб, қуёш энергетикаси соҳасида салмоқли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишлар фаоллашди. Ўзбекистондаги юридик шахсларнинг 10 % и муқобил энергия манбаларидан фойдаланади. Қуёш энергияси потенциали барча қайталанидаган энергия манбаъларининг 93,5 % ни ташкил қилгани учун анъанавий энергия турлари ўрнини электр энергияси ва иссиқлик энергияси олиши мумкин деб қаралмоқда.

Жаҳон миқёсида қуёш энергетикасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари қуйидагича:

  • қуёш энергиясини қуйи потенциалли иссиқликка ва уни уй-жой ва коммунал объектларни иситиш тизимларида ишлатиш;
  • қуёш энергиясини фотоэлектрик қурилмалар ёрдамида электр энергиясига айлантириш.

Қуёш батареялари ёки панеллари ўзи нима? Қуёш батареялари — қуёш энергиясини тўғридан-тўғри электр токига айлантирадиган фотоволтаик конвертор, яъни яримўтказгичли қурилма бўлиб, улар махсус рамкаларга жойланиб, қуёш панелларини ҳосил қилади. Аниқроғи, қуёшдан олинган ёруғликни электр токига айлантириб, фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилган рамкалардир.

Қуёш панеллари қуёш электр станцияси деб ҳам аталади. Уларнинг 2 хил тури мавжуд:

  1. Аккумулятор билан ишлайдиган автоном қуёш электр станцияси.

Аккумулятор билан ишлайдиган ЭСларни электроэнергия етиб бормаган ёки тез-тез узилишлар кузатиладиган жойларга ўрнатиш мақсадга мувофиқ. Чунки у захирада қуёшдан йиғган энергиясини сақлаб туради ва сутканинг исталган вақтида ундан фойдаланиш мумкин бўлади.

Унинг ишлаш тизими тахминан шундай: Сиз фойдаланаётган электр энергияси тўсатдан ўчиб қолса, аккумулятордаги захира энергия автоматик тарзда тармоққа уланади ва маълум соатларгача энергия етказиб бериб туради.

  1. Тармоқ электростанцияси. Унда фақат қуёш панеллари ва инверторлар бўлади. Бу станция электр тармоғи билан параллель тарзда ишлайди. Бу усулдан асосан электр энергиясини иқтисод қилиш, тежаш мақсадида фойдаланилади.

Унинг ишлаш принципи тахминан қуйидагича: Қуёш панелларидан олинган энергияни инвертор 220 ёки 380 вольтга айлантириб, куннинг ёруғ вақтида истеъмолчига тўғридан-тўғри етказиб бериши мумкин.

Ортиб қолган энергияни эса, давлат электр тармоғига узатиб, куннинг қоронғи вақтида яна ўша электр тармоғидан фойдаланиш имкони бўлади.

Шунда фойдаланувчи давлат электр тармоғидан деярли фойдаланмаган ҳисобланади. Бу панелни икки томонли ўз ҳисоблагичи бўлиб, давлат ҳисобидан ва қуёш энергиясидан умумий қанча фойдаланилганини кўрсатиб туради.

Юқоридаги маълумотларга ва жаҳон тажрибасига эътибор қаратсак, юртимизда қуёш энергиясидан фойдаланишга жуда катта имконият бор эканлиги яққол кўзга ташланади. 

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор (ПҚ–57-сон, 16.02.2023 й.) қабул қилинди. Унга кўра, 2023 йилда умумий қуввати 4 300 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари ишга туширилади. 

2023 йил 1 апрелдан республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури амалга оширилади.

Дастур доирасида аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.

Қарорга кўра, ижтимоий соҳа объектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бино ва иншоотларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Яшил энергия» компанияси ташкил этилди.

Бугунги кунда инсониятнинг энергия манбаларига бўлган эҳтиёжи борган сари ортиб бормоқда. Бунга асосий сабаб, биринчидан, сайёрамизда аҳоли сонининг ортиши бўлса, иккинчидан, Ерда мавжуд бўлган энергия захираларининг камайиб бораётганлигидир. Бу муаммонинг ечими сифатида муқобил энергия манбалари турларидан барча соҳаларда самарали фойдаланиш имкониятларини топиш деб баҳоланмоқда. Албатта, ҳозирги пайтда энергиянинг бу тури нисбатан қиммат, бироқ экологик жиҳатидан тоза, энергетик жиҳатида самарали бўлиб, мураккаб технологик қурилма ва асбоблар талаб этилмайди. Демак, биринчи асосий муаммо муқобил энергия манбалари таннархини камайтириш, иккинчидан эса уларнинг такомиллашган технологияларини ишлаб чиқишдир. Бунинг учун аввало муқобил энергия манбалари фундаментал ва амалий асослари, конструкциялари тўғрисида билим ва кўникмаларга эга бўлган замонавий мутахассис кадрлар бўлиши талаб этилади. Бундай замонавий мутахассис кадрларни тайёрлашда эса фан-таълим-ишлаб чиқариш орасидаги узвий боғланишни таъминлаш лозим. 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар